Самарқандда 678,2 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади

29.02.2020, 16:05

Самарқандда 678,2 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади

Бу масала инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда депутатлик назорати ўрнатилиши зарурлиги O‘zLiDeP вилоят кенгаши томонидан ўтказилган давра суҳбатида таъкидланди.

Тадбирда Марказий банк, вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармалари, вилоят инвестициялар ва ташқи савдо ҳамда молия, давлат солиқ бошқармалари, вилоят “Ермулккадастр” давлат корхонаси вакиллари, депутатлар ва партия фаоллари иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Салихов иштирок этиб, инвестиция шахсан давлат раҳбарининг назоратида турган масалалардан бири эканлигини таъкидлар экан, Мурожаатномада 2020 йилда 28 миллиард долларлик инвестиция киритиш вазифаси белгиланганлигини қайд этди.

Маълумотларга кўра, 2019 йил якунида 179 та лойиҳа доирасида 214,1 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, шундан асосий капитал 204 миллион долларни ташкил қилган.

Вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бўлим бошлиғи Элбек Бердиевнинг айтишича, жорий йилда вилоят ҳокимининг қарорига кўра, 29 та умумий қиймати 678,2 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.

- Шундан 2020 йилда 217,1 миллион доллари (2 188 миллиард сўм), хусусан, ўз маблағи ҳисобидан 38,9 миллион доллар (391,7 миллиард сўм), тўғридан-тўғри  хорижий инвестициялар ва кредитлар 144,8 миллион доллар (1459,6 миллиард сўм), давлат кафолати остида бўлган хорижий кредитлар 11,2 миллион доллар (112,9 миллиард сўм) ҳамда тижорат банк кредитлари 22,2 миллион доллар (223,8 миллиард сўм)ни ўзлаштириш прогнози белгиланган, - деди Э.Бердиев. - Дастур доирасида ишга тушириладиган лойиҳалар ҳисобидан 2020 йилда 730 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Тадбирда шунингдек, соҳада учрайдиган муаммолар ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар юритилди.

Қайд этилишича, соҳадаги муаммолар асосан аҳоли ва тадбиркорларда билим ва кўникмаларнинг етишмаслиги, шунингдек, инфраструктура ва коммунал хизматларда учрайдиган камчиликлар билан боғлиқ.

Тадбирда соҳада учрайдиган муаммоларни бартараф этиш ва инвестиция лойиҳалари бажарилиши юзасидан депутатлик назоратини ўрнатишга келишиб олинди.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    614
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+