Ўзбекистон ташаббуси афғон заминида тинчлик-осойишталик, тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор бўлади

02.03.2020, 10:09

Ўзбекистон ташаббуси афғон заминида тинчлик-осойишталик, тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор бўлади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида Марказий Осиёда барқарор ва мустаҳкам ривожланиш истиқболлари қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш билан бевосита боғлиқ эканини қайд этиб келмоқдалар. Айни дамда Тошкент ушбу давлатга нисбатан афғон халқи томонидан сайланган ҳукуматни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирларининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган дўстона сиёсатни юритиб келмоқда.

Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва мазкур мамлакатнинг тинч ва барқарор ривожланиш йўлига  қайтиши  бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. Бу йўналишда Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил март ойида Тошкентда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида  ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция ташкил этилиши муҳим воқеа бўлди. Форум якунида қабул қилинган Тошкент декларацияси Афғонистон учун ўзига хос тинчлик дастурига айланди. Ушбу ҳужжатда учрашув қатнашчиларининг бирлашган позициялари акс этган.

Унда давлатимиз раҳбари қатор муҳим ташаббусларни илгари сурган эди, хусусан, биринчиси афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойилларини ишлаб чиқиш ва улар бўйича кенг ва қатъий халқаро консенсус – муросага эришиш; иккинчи – Афғонистон ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида музокараларни бошлаш механизмини ишлаб чиқиш; учинчи – Афғонистонда миллий келишув жараёнига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак бериш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш. Ва ниҳоят, барча манфаатдор ташқи кучларнинг қуролли мухолифатдан Афғонистон ҳукумати билан музокаралар столига ўтиришини, қарама-қаршилик ва зўравонликка чек қўйишни қатъий ва бир овоздан талаб қилиши беқиёс аҳамият касб этади.

Тошкент конференцияси афғон заминида тинчлик ўрнатиш жараёнларини анча тезлаштиради. Ишончимиз комилки, ўтган йил март ойида бўлиб ўтган анжумандан сўнг Афғонистондаги барча сиёсий кучлар, жумладан, “Толибонлар” ҳаракатини жалб этган ҳолда, музокаралар жараёнини йўлга қўйиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар фаоллашди. Бу бутун афғон жамиятини мамлакат тинчлиги ва равнақи йўлида миллий манфаатлар атрофида бирлаштириш муҳим эканини англаш билан боғлиқдир.

Жорий йил 29 февралда Доха шаҳри (Қатар)да Америка Қўшма Штатлари ва “Толибонлар” ҳаракати ўртасида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича имзоланган битимни алоҳида қайд этиш жоиз. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Бизнингча, ушбу тарихий тадбир дунёвий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Жаҳон ҳамжамияти афғон заминида тинчлик, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик йўлида тарихий пойдеворни қўйиш асносида, Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва амалий саъй-ҳаракатлари аниқ натижа тус олганининг яққол  гувоҳи бўлди.

Афғонистонда тинчлик ўрнатишга йўналтирилган тарихий битимни имзолаш маросимига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегациянинг таклиф этилиши ҳам Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги роли ва аҳамиятининг эътироф этилаётганидан далолатдир. Дохада бўлиб ўтган учрашувда хорижий шериклар айнан Тошкент анжумани ўтганидан сўнг Афғонистон масаласида амалий саъй-ҳаракатлар бошланганини бир неча бор қайд этганлар.

Масалан, Тошкент декларациясини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Қобул билан келишган ҳолда, Афғонистондаги асосий етакчилар ҳамда “Толибонлар” ҳаракати вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Бундан ташқари, афғон муаммоси бўйича Россия Федерацияси, АҚШ, Хитой, Покистон, Эрон, Ҳиндистон ва минтақадаги бошқа мамлакатлар ҳамда мусулмон оламида муҳим ўрин тутган давлатлар билан ҳам алоқа қилиб турилди.

Шу билан бирга Ўзбекистон ушбу мамлакатда иқтисодий келажак ва ижтимоий барқарорликнинг зарур пойдеворини яратган ҳолда, Афғонистонда тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ лойиҳаларни ҳам амалга оширмоқда.

Масалан, “Мозори-Шариф-Ҳирот” темир йўл йўлагининг қурилиши ана шундай муҳим лойиҳалардан биридир. У келажакда 30 минг нафар афғонистонликни иш билан таъминлайди ва Қобулга ҳар йили транзитдан 400-500 мииллион АҚШ доллари миқдорида даромад олиш имконини беради.

Яна бир инфратузилмага оид улкан лойиҳа – бу Қобулни Марказий Осиёдаги ягона электр энергияси тизимига улайдиган Сурхон – Пули – Хумри электр узатиш линиясидир. Ушбу электр узатиш линияси Ўзбекистондан Афғонистонга электр етказиб бериш ҳажмини 70 фоизга - йилига 6 миллиард киловатт-соатгача ошириш имконини беради.

Термизда афғон фуқаролари учун таълим маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда. Унда 130 нафар талаба таҳсил олмоқда. Келгусида талабалар сонини 250 нафаргача ошириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Термизда экспорт-импорт ва транзит юк оқимларини оширишга қаратилган божхона терминалига эга “Термиз-Карго-марказ” халқаро логистика маркази ҳам ташкил этилган. “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида Афғонистонда амалга оширилаётган лойиҳалар ва дастурлар учун ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Афғонистондан Америка қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши ва афғонлараро тўғридан-тўғри мулоқотни бошлашни кўзда тутувчи тинчлик келишувига қайтар эканмиз, Қатарда “Толибон” сиёсий офиси раҳбари мулла Абдул Ғани Барадар, Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинч сиёсий  муҳитни қарор топтириш, асосий мақсади – мамлакатда афғон халқининг фаровонлиги ва равнақи, Афғонистоннинг тинч ва барқарор давлат сифатида гуллаб-яшнаши бўлган турли иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саъй- ҳаракатларини алоҳида қайд этганини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Барадар шунингдек, Афғонистон муаммоларига доимий эътибор қаратиб келаётгани учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиеёвга самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари туфайли жаҳон ҳамжамияти афғон можаросига яна эътибор қарата бошлади.

Умуман олганда, Ўзбекистон Афғонистонда муайян иқтисодий лойиҳаларни амалга оширган ҳолда, қатъийликни намойиш этмоқда ҳамда ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш йўлида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрдир.

Афғонистондаги вазият нафақат минтақавий, балки шунингдек, глобал хавфсизлик масаласи ҳамдир. Ўзбекистон Афғонистон бўйича юритаётган ўз сиёсатида нафақат ушбу мамлакат келажаги, айни дамда умумий хавфсизлик, терроризм, фанатизм ва зўравонликлардан холи бўлган тинчлик учун курашмоқда. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш ўринлики, ЎзЛиДеП Ўзбекистон ва Афғонистон тинч ва яхши қўшнилар бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Тинч Афғонистон Марказий Осиёнинг денгиз коммуникацияларидан фойдаланиш имконини беради, транспорт йўлакларини диверсификация қилади ва шу орқали Ўзбекистон маҳсулотини экспорт қилиш учун янги бозорларни очиб беради. Бу эса, бизнинг электоратимиз манфаатларига тўла мосдир.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    849
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+