Халқ вакили сайловчиларга берган ваъдасини бажармоқда

02.03.2020, 15:07

Халқ вакили сайловчиларга берган ваъдасини бажармоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Абдулла Рузметов Урганч шаҳар ва Урганч туманида бўлиб, фуқаролар билан учрашди.

Депутат “Машъал” маҳалласидаги сайловчилар билан учрашганида қатор муаммолар жойида ечим топилди. Хусусан, Абай кўчасидаги бир хонадоннинг газ таъминотидан узилганлиги фуқаро мурожаатига кўра жойига бориб ижобий ҳал қилинган бўлса, И.Дўстов кўчасида яшовчи 2 нафар фуқаронинг “Урганч баҳмал” ДУКга ишга жойлашишда кўмаклашилди. Мазкур маҳалланинг ички йўлларини таъмирлаш бўйича тушган мурожаатни эса депутат ўрганиб кўриб, ўз назоратига олди. Шунингдек, бир нафар ёш талабага ўз уйида томорқачилик фаолиятини йўлга қўйишда имтиёзли кредит олиши орқали амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Шунингдек, депутат Урганч туман ҳокимлигида мутасадди ташкилотлар иштирокида тадбиркорларга ер ажратиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ерларнинг ноқонуний эгалланиши ҳолатларига барҳам бериш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланиш масалаларига бағишланган учрашув ўтказди. Халқ вакили тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиб, уларга ишларини ҳуқуқий жиҳатдан тўғри амалга ошириш ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш, бўш иш ўринлари яратиш, экспорт имкониятларидан самарали фойдаланиш йўллари борасида ҳам ўзининг қатор тавсияларини берди.

Депутат А.Рузметов Урганч туманидаги “Мевазор” маҳалласи фуқароларининг ҳам холидан хабар олди. Шу маҳалланинг Зарип Бекчанов кўчаси 29-уйда яшовчи Отаназар Олламов маҳалласидаги электр тармоғи қўлбола усулда қўйилганлиги, бу эса аҳолининг ҳаёти учун хавф туғдираётганини айтиб депутатга юзланди. Мазкур масалани депутат мутасадди ташкилот вакилларини жойига чақиртириб, муаммо билан таништирди. Натижада кўчага 10 кун ичида янги электр линияси ўрнатилиб бериладиган бўлди. Яна маҳалланинг 2 км йўли ҳам жуда таъмирталаб аҳволда. Ёғингарчиликдан сўнг на пиёда ва на машинада ҳаракатланиш қийин. Ушбу йўлни таъмирлаш мақсадида 2020 йилги Давлат дастурига киритиш бўйича туман ҳокимлигига таклиф берди. Ички йўллар шу йилнинг 3-чорагида таъмирланиши белгиланди.

Нилуфар Джаббарова,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Сиёсий таълим маркази раҳбари

  • Кўрилди
    791
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+