Одамларни қандай муаммолар қийнаяпти?

02.03.2020, 16:23

Одамларни қандай муаммолар қийнаяпти?

Очиғини айтиш керак, бугун одамларни қийнаётган муаммолар кўп. Уларни фақат халқ орасига янада чуқурроқ кириб, сайловчиларни дарду ташвишларини тинглаш орқали ҳал этиш мумкин. Зеро, энди депутатлар фақат кабинетда ўтириб ишлайдиган замон эмас.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Равшан Мамутовнинг сайловчилар билан учрашуви Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманидан бошлади.

Туманнинг энг чекка ҳудудларидан бири “Отаоба” ОФЙда бўлиб ўтган учрашувда парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинаётган қонунлар, муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари ҳақида атрофлича маълумот берилиб, сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Депутатнинг сайловчилар билан учрашуви Тўрткўл туманидаги “Ёнбошқалъа” ОФЙда давом этди. Туман ҳокими Я.Бобожонов ҳамда тегишли ташкилот раҳбарлари билан биргаликда аҳоли мурожаатлари ўрганилди, аксарият масалалар жойида ҳал этилди.

– Бундай учрашувлар ўз фаолиятимиз ҳамда парламентимизнинг қонун ижодкорлигидан аҳолини яқиндан хабардор этиш баробарида, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Р.Мамутов. – Шу боис, йиллар давомида тўпланиб қолган долзарб муаммоларни бартараф қилиш учун замон талабига мос иш юритишимиз, айниқса, кўпроқ халқ орасида юриб, сайловчиларга берган ваъдамизни бажаришимиз зарур.

Навбатдаги учрашув тумандаги “Кўкча”, “Пахтаобод” ОФЙ аҳолиси билан бўлиб ўтди.

Суҳбат ва мулоқотлар давомида сув масаласи бўйича кўплаб мурожаатлар ўртага ташланди. Халқ вакили 18000 гектар ерни сув билан таъминловчи “Ёнбошқалъа” каналида олиб борилаётган ишлар билан танишиб, мутасаддиларга зарур таклифлар берди. Мазкур учрашув доирасида шу ҳудудда яшовчи Э.Юсуповнинг иссиқхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, уни янада кенгайтириш бўйича зарур тавсиялар берди.

Шунингдек, тумандаги 27-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Анҳорли” МФЙ, “Шўрохон” ОФЙ, “Ўзбекистон” ОФЙ аҳолиси билан ҳам мулоқотлар ўтказилди.

Учрашувда мактабгача таълим муассасаси қуриш, йўлларни таъмирлаш, сув, электр энергияси, газ таъминоти ва бошқа шу каби масалаларга оид мурожаатлар келиб тушди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Мамутов эса, шу куннинг ўзида мутасаддилар билан учрашиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга киришди.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси

кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    122
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+