Асакадаги муаммолар депутат келишини кутиб турган эдими?

03.03.2020, 17:57

Асакадаги муаммолар депутат келишини  кутиб турган эдими?

Бугунги кунда Асака тумани “Мирзаобод” маҳалласида 5085 нафар аҳоли истиқомат қилади. Очиғини айтиш керак, жойларда бўлгани каби бу ҳудудда ҳам муаммолар бор. Пўпанак босиб ётган масалалар ечимга муҳтож. Агар 12-Шаҳрихон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган Одинахон Отахонованинг ташрифи бўлмаганида, ушбу масалалар ҳамон фуқароларни қийнаб тураверарди.

Ҳудудга маҳалла фуқаролар йиғини биноси, қишлоқ врачлик пункти, гузар зарур. Шунча аҳоли муаммосини айтиш учун МФЙ масъулларини қидириб юришга мажбур (муқим биноси йўқ мутасадди қаерда қўним топади), тиббий ёрдам керак бўлса, қўшни қишлоққа ёки туман марказига қатнаши шарт. Энг ачинарлиси, кайвони отахонлар, ёши улуғлар чойхўрлик, ширингина суҳбат учун гузар ахтарадилар. Мана, қандай оғриқли нуқталаримиз бор? Халқ ноибининг мазкур маҳалла аҳолиси вакиллари билан учрашуви айни масалаларга ечим бўлгани қувонарли. Ахир, сайловчининг умидига қанот бўлиш депутатнинг олий мақсади эмасми!

–Очиғини айтаман, сайловолди учрашувларимда ҳам фуқаролар ташвишларига елкадош бўлишга ҳаракат қилганман, – дейди О.Отахонова. – Аммо депутатликнинг чинакам масъулиятини, шарафини эндиги очиқ мулоқотларда чин дилдан ҳис қиляпман. Кексани кексадек, ёшни ёшлардек, аёлларни опа-синглисидек тушуниш, ҳар соҳа одами муаммосини ечими учун ўша соҳа мутахассиси бўлиб фикрлашиш, суҳбатлашиш лозимлигини бугун амалда кўриб турибман. Қай бир масалада сайловчиларимга ёрдам беролсам енгил тин оляпман, масъулият зиммамда, юрагимда, бутун вужудимда...

Мирзаободнинг юқоридаги муаммоларига депутат орқали ечим топилди. Маҳалла аҳли халқ ноибидан мамнун, ишонч билдириб адашмаганларини ҳис қилдилар.

Асака туман ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашув ҳам қизғин баҳс-мунозараларга айланди. Аҳоли ўртасида камбағалликни камайтириш муаммосини ҳар бир хонадонни тадбиркорликка йўналтириш орқали бартараф этиш, шу билан янги иш ўринлари  яратиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада О.Отахонованинг ташаббуслари ибратга арзийди. “Инъомжон файз” кўп тармоқли фермер хўжалигида жорий йил бошидан буён бир гуруҳ ёшлар мавсумий ва муқим иш билан таъминландилар.

Асака туманида ҳам сайловчиларни қийнаётган муаммолар талайгина. Масалан, аҳоли учун кўп қаватли уй-жойлар қуриш масаласи долзарб. Мазкур масала ечими бўйича ўртага ташланган таклифлар асосида тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди.

Яна бир гап. Асака-Фарғона йўналишидаги автомобиль йўли ҳам ҳайдовчиларга турли ноқулайликлар туғдирмоқда. Қатнов йўлини кенгайтириш зарурати депутатни бефарқ қолдирмади. Бу ҳам етмагандик, туман марказидаги 1979 йилда ётқизилган 36 километрли канализация капитал таъмирга муҳтож. Мана, депутатни “кутиб” турган қанча муаммо бор? Халқ вакили қуруқ ваъда беришдан кўра, амалий ишларга киришди.

Таълим соҳасидаги оғриқларга малҳам қўйиш вақти келди. Аслида ҳар доим ҳам шу давога эҳтиёж бўлгану, бироқ кимдир лоқайд, кимдир “менга нима?” қабилида иш тутавериши билан камчиликларга барҳам берилмаяпти. Туманнинг Айжувоз маҳалласида жойлашган 28-умумтаълим мактаби аслида 410 ўринли. Лекин ўқувчилар сони 665 нафарни ташкил қилмоқда. Таълим масканига қўшимча бино керак.

–Фарзандларимиз ҳам, ўқитувчилар ҳам дарс жараёнларида қийналишади, – дейди Гулбаҳор Маҳмудова. – Кўп йиллардан буён тегишли ташкилотларга ўзимиз ҳам мурожаат қилдик. Жавоблари “хўп”у, аммо натижа йўқда! Одинахон Отахонованинг ҳудудимиз муаммолари билан қизиқишиданоқ умид уйғонди бизда. Янглишмаган эканмиз. Ушбу масала билан бир қаторда 30 йиллик муаммоимиз ҳам бартараф этиладиган бўлди.  Яъни қўшни маҳалладаги мактабгача таълим муассасасига қатнайдиган дилбандларимиз учун маҳалламизда янги боғча қурилилиши бошланди.

Зилола Раҳмонова,

O‘zLiDeP Андижон

вилоят кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    1057
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+