Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз зарур

03.03.2020, 18:52

Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз зарур

2019 йил Ўзбекистон ҳаётида жуда муҳим воқеалар юз берган, тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилган йил сифатида тарихга муҳрланди. Ўтган йилда ҳаётимизнинг барча соҳаларида, жумладан, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш йўлида муҳим ўзгаришлар бўлди. Мамлакат ҳаётига дахлдор қарорлар халқ билан бамаслаҳат қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари қаерга бормасин, халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг хоҳиш-истаклари, қизиқишларига алоҳида эътибор беради. Энг муҳими, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган оилаларга 5,9 триллион сўм кредитлар ажратилди. Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ўтган йили 93 мингта ёки 2018 йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

Бу ислоҳотлар 2020 йил ва ундан кейин ҳам жадал давом эттирилишига шубҳа йўқ. Нега деганда, куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармон моҳияти замирида ҳам, аввало, халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсади мужассам.

Айтиш ўринлики, мазкур Фармон янги тараққиёт босқичимизнинг узвий давоми бўлиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий-маърифий ҳаётимиздаги ўзгариш ва янгиланишларга замин яратади. Унинг ижроси эса, нафақат ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилоти, балки сиёсий партия вакиллари, айниқса, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Чунончи, мазкур ҳужжат 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни самарали, ўз вақтида амалга ошириш учун қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у билан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида доимий истиқомат қилаётган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш тартиби жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш жиноятини биринчи марта содир этган, товар учун тўловни ихтиёрий равишда тўлаган ва божхона расмийлаштирувини амалга оширган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби жорий этилаётир. Айниқса, янги ташкил этиладиган кичик саноат зоналарига барча зарур инфратузилмаларни етказиб бериш учун кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан 100 миллиард сўм ажратилаётгани партиямиз электорати бўлган тадбиркорлар учун муҳим янгилик бўлди. Боиси, бутун халқимиз, айниқса, унинг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида белгиланган вазифалар, шубҳасиз, оилалар фаровонлигини таъминлаш билан бирга, юртимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Фармонда яна бир муҳим масала ечими кўрсатиб ўтилгани катта амалий аҳамиятга эгадир. Унга кўра, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилган 30 та коллеж базасида, шунингдек, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида камида биттадан “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил этиб, уларда, биринчи навбатда, ишсизлар ва камбағал оилалар аъзоларининг тадбиркорлик асослари бўйича ҳамда касбга ўқитилишини таъминланмоқда.

Агарда мазкур Фармон ва унда белгиланган вазифаларни сўзсиз амалга оширсак, мамлакатимиз ва жамиятимиз ҳаёти бундан-да яхшиланади, ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни янги босқичга олиб чиқиш имкониятлари кенгаяди. Зеро, ушбу ҳужжатнинг мақсади, асл мазмун-моҳияти юртимизда истиқомат қилаётган барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлиқ таъминлаш ҳамда кафолатлашдан иборат.

Шундай экан, эндиликда Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатлами орасида тарғиб қилиш ҳамда унда белгиланган устувор вазифалар самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз зарур.

 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1010
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Таумуратов Даулетбай2020-03-04 15:01:55

Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатлами орасида тарғиб қилиш ҳамда унда белгиланган устувор вазифалар самарали ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда депутатлар билан биргаликда барча куч ва билимимизни сафарбар этамиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+