Партиялараро рақобат кучайиши учун парламент фаолиятида фракциялар етакчилик қилиши лозим

04.01.2018, 18:59

Партиялараро рақобат кучайиши учун парламент фаолиятида фракциялар етакчилик қилиши лозим

Бу - Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва парламентдаги партия Фракцияси қўшма йиғилишининг асосий хулосаларидан биридир.

Олдин хабар берганимиздек, бўлиб ўтган ушбу тадбирда Ўзбекистон  Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатидан келиб чиқиб партия олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Мурожаатда илгари сурилган ғоялар, таклифлар ва ташаббусларни ҳаётга тадбиқ этишда сиёсий партияларнинг ўрни ва иштироки, хусусан, O‘zLiDeP тузилмалари фаоллигини ошириш масалалари муҳокамалар марказида бўлди. Муҳокама қилинган масалалардан бири партиялараро рақобат муаммоларига тақалди.

- Мамлакатимиз раҳбари томонидан Мурожаатда кўтарилган оғриқли муаммолардан бири бу партиялараро рақобат, аниқроғи унинг йўқлиги масаласи бўлди десак муболаға бўлмайди, - деди ўз сўзида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси в.б. Бахтиёр Якубов. - Маълумки, ҳар қандай демократик жамият кўппартиявийлик тамойилларига асослаган ҳолда тақараққий этади. Ўз навбатида реал кўппартиявийликни сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатсиз тасаввур қилиш қийин. Қонун устуворлигига асосланган хуқуқий давлатларда партиялар ўртасидаги тортишув, рақобат муҳити энг аввало қонунлар, дастурий хужжатларни қабул қилиш жараёнида яққол кўзга ташланади. Ўзбекистон ҳам айнан шундай кўппартиявийликка асосланган демократик ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар сирасига киради. Буларнинг барчаси оддий ҳақиқатлар, шундай эмасми?

Минг афсуски на қонунлар муҳокамасида, ва ҳатто бюджет лойиҳаси кўриб чиқилаётганда бундай тортишувлар умуман кузатилаётгани йўқ. Бунинг сабаби битта – парламент қуйи палатаси фаолиятида қўмиталар ҳамда парламентнинг бошқа тузилмаларининг асосий роль ўйнаётганлиги. Ваҳоланки нафақат ушбу жараёнларда, керак бўлса Қонунчилик палатасининг фаолият йўналишларини белгилашда ҳам сиёсий партиялар фракциялари етакчи ролни ўйнашлари лозим.

Чунки, парламентга сайловларда сиёсий партиялар ўз ғоялари, жамият ривожига оид бошқалардан фарқ қилувчи дастурлари билан иштирок қилишади. Сайловчилар, яъни аҳолимиз айнан шу дастурларга қараб маълум партия номзодларига овоз беради ва улардан натижа кутади.  Демак, айнан сиёсий партия фракциялари, уларнинг фикри парламентда ҳал қилувчи роль ўйнаши лозим. Бу нарса бўлмас экан, партиялараро рақобатни кучайтириш оғриқли масала бўлиб қолаверади. Парламентаризм бўйича узоқ тарихга эга бўлган давлатлар амалиёти айнан шундан далолат беради.

Партиялараро рақобатнинг кучайиши Мурожаатда кўтарилган бир қатор бошқа масалаларнинг ҳам ҳал бўлишига, хусусан, қабул қилинаётган қонунлар сифатининг кескин ошишига, фракция аъзолари  бўлган депутатлар томонидан қонун ташаббусларининг ортиб боришига ҳам олиб келган бўлар эди. 

Ушбу йўналишда қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда ва O‘zLiDeP албатта бу борада ўз таклифларини киритади, - деди, - Б. Якубов ўз чиқишида.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1856
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+