Давлат дастури доирасида қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилади

04.03.2020, 16:43

Давлат дастури доирасида қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилади

Президентимиз Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга доир Давлат дастури келгуси ҳаётимизда кутилаётган ижобий ўзгаришларнинг асоси бўлади.

Ушбу ҳужжатда белгилаб берилган вазифалар партиямиз сайловолди дастурида кўрсатиб ўтилган устувор йўналишлар билан ҳамоҳанг бўлиб, келгусида тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қатор концепциялар, дастурлар, қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишида янада фаолликни талаб қилади.

Давлат дастурида барча соҳалар қатори мамалакатимизда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб ўтилгани муҳим аҳамият эга.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йиллар давомида ушбу соҳани ривожлантиришда жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Фикрларни далили сифатида биргина соҳага тўхталадиган бўлсак, уч йил ичида қишлоқ хўжалигига инновацияларни жорий этиш соҳасида энг аввало, мавжуд ер, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини берувчи “Ақлли қишлоқ хўжалиги” концепциясига асосланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг замонавий синалган шаклларини жорий этиш, аграр секторда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини максимал даражада автоматлаштириш, ҳосилдорликни жиддий ошириш ва молиявий кўрсаткичларни яхшилаш, шунингдек, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини берувчи инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этишга эришилмоқда. Ҳақиқатда ҳам, фермерларимизнинг анъанавий усуллари ўсиб бораётган озиқ-овқат талабига тенглаша олмайди, шу боис фермерлар ақлли қишлоқ хўжалигига тобора кўпроқ мурожаат қилишлари керак. Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради.

Давлат дастурида сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишлари, соҳа учун малакали кадрларни тайёрлашга 3 триллион сўм маблағ йўналтирилиши, 2020 йилда 44 минг гектар ерда ёки ўтган йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий этилиши белгилаб берилганлигининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратишимиз керак.

Шу билан бир қаторда жорий йил давомида қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш борасида қатор қонун лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган. Хусусан, Қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, кооперация ва кластерлар фаолияти бўйича қонун қабул қилиш белгиланган. Ушбу қонун лойиҳасида қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини тубдан ислоҳ қилиш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ажратилган тижорат кредитларининг фоиз ставкасини субсидиялаш, маҳсулот етиштирувчиларнинг молиявий саводхонлигини ошириш чоралари назарда тутилган.

Шунингдек, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилади. Бундан ташқари чорвачилик озуқа базасини янада мустаҳкамлаш, ипакчиликда наслчилик ишларини янада ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилади.

Жорий йилги давлат дастурида белгилаб берилган мазкур вазифалар ижросини таъминлашда, бу борада парламент назоратини йўлга қўйишда алоҳида эътибор қаратамиз.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    800
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+