Муаммолар ечими депутат орқали майдонга чиқмоқда

04.03.2020, 16:48

Муаммолар ечими депутат орқали майдонга чиқмоқда

Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани сайловчилари бугун ўзлари ишонч билдириб сайлаган халқ ноибларидан мамнун эканликларини яширмайдилар. Қувониб эътироф этадилар. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 16- Пахтаобод сайлов округидан сайланган, айни вақтда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Жавлонбек Эргашевнинг ўз сайловчилари билан навбатдаги учрашувлари қатор муаммоларнинг бартараф этилишига хизмат қилди.

Бундан роппа-роса 31 йил муқаддам Пахтаободнинг марказидан аҳоли учун уй-жой қуришга ер майдонлари ажратилган. Бирин-кетин уйга муҳтожлиги бор оилаларнинг ташрифидан кўркамгина маҳалла бунёд бўлди. “Мустақиллик” деб ном бердилар. Бугунга келиб, 1 минг 357 та хонадонни, 5 минг 331 нафар аҳолини ўзида бирлаштирган мазкур маҳалланинг “мум тишлаган” дарди бор – қабристон йўқ. Кимдир вафот этса, ана муаммо... Бир неча километр йўл босиб дафн этилади шўрлик маййит... Жавлон Эргашевнинг саъй-ҳаракатлари бекор кетмади.

Маҳалладаги 1 минг 100 га яқин мактаб ёшидаги ўқувчилар ҳудудга энг яқин мактабларга қатнашга мажбур. Уларга бориш учун ҳам камида 2,5-3,5 километр масофа босишга тўғри келади. Ачинарлиси, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганида жабрланганлар бўлди. Шу сабаб бўлиб ҳам мактаб қурилиши ҳақида фикр айтилмади ёки эътиборсиз қолдирилдими, хуллас, ҳамон жимжит. Дастак депутат томонидан берилди.

-11 йилдан буён раис бўлиб фаолит олиб бораман, - дейди МФЙ раиси Илҳомжон Алимов. – Энг муҳими, ҳал бўлмаётган масалалар ечимини депутатга ишониб хато қилмабмиз. Қабристон, мактаб, йўллар, спорт майдонлари билан бир қаторда мактабгача таълим муассасаси ҳам жуда зарур эди. Бу борада албатта шу кунгача бир нечта мутасаддиларга мурожаат қилганмиз. Бироқ натижани ҳанузгача кутяпмиз, билмадим яна қанча маҳалла аҳлини “алдаб” туроламан...

Раиснинг куюнганича бор. “Бугун-эрта” билан иш битмайди. Халққа амалий жавоб керак. Туман ички ишлар бўлими бўлинмаси томонидан маҳалланинг профилактика инспектори учун идора (хона) ажратилишини сўраб ҳокимликка чиқарилган хат ҳам ҳамон жавобсиз. Хўш, мазкур масалалар қачонгача халқ ва давлат ўртасига “Хитой девори”ни тиклайверади? Саволга жавобни Олий Мажлис депутати берди – албатта амалий натижадорлик билан! Ахир хайрли иш соҳибига айланмоқ осон эмас.

Меҳнат фахрийси Турсунбой Мусаев нафақадаги архитектор. Маҳалла аҳли учун ер участкалари бўлиб берилишида бош-қош бўлганлардан. Унинг айтишича, юқорида тилга олганимиз бино ва муассасалар учун ҳам алоҳида ер майдонлари ажратилган. Аммо ўтган йиллар ана шу ажратилган ерларни ҳам “ютиб” юборган гўё... Йўқса, ҳозирга келиб улар муаммога айланиб кетмасди.

Лекин қарс икки қўлдан. Боқимандалик кайфиятидан чиқишимиз керак. Маҳалланинг ариқлари тартибга келтирилмаганидан сувлар тошиб, кўлмаклар пайдо бўлган. Кимдир бош бўлса, маҳалла аҳли вакиллари ўзлариёқ бу ишни пайсалга солмайди. Фақат “тарсаки” керакми? Тоза ичимлик суви муаммо, пиёдалар учун йўлаклар қилинмаган, маҳалладан туман маркази томон чиқаверишдаги чорраҳага светафор зарур.

Дўппини бошдан олиб, дардига кимдан малҳам топишни билмай турган муаммолар гирдобидаги маҳалла аҳли учун Олий Мажлис депутатининг ташрифи айни муддао бўлди. Барча масалалар атрофлича ўрганилди. Зарурий ҳужжатлар тайёрланди. Тегишли мутасаддиларга депутатлик сўровлари юборилди.

Халқ ноиби бўлмоқлик масъулиятли вазифа. Унга ёниқ қалб керак. Чўғ тутса ҳам гурилламайдиган юракдан не наф? Депутатлик мақоми олий. Уни фақат ёниқ қалбларгина оқлай олади. Жавлонбек Эргашевдаги ишга масъулият, мурожаатга жонсараклик ана шу фазилатларга уйғунлашиб кетади.

Зилола Раҳмонова,

O‘zLiDeP Андижон

вилоят кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    597
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+