Пахтаободда аҳолини томорқадан фойдаланиш ҳолати ўрганилди

05.03.2020, 11:40

Пахтаободда аҳолини томорқадан фойдаланиш  ҳолати  ўрганилди

Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг дарду ташвишларини ўрганиш мақсадида Андижон вилоятида бўлди.

Спикер ўринбосари вилоятдаги учрашувлари доирасида Пахтаобод тумани, Андижон массивидаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб, аҳолини томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганди, сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилди.

Шу маҳаллада яшовчи Усмонжон Парпиевнинг хонадонига кирсангиз баҳри дилингиз очилади. Аммо фуқаро бор эътиборини яшаш хоналарига берган чоғи, томорқаси бўм-бўш. Ер майдони чопилганига қарамай, экин экилмаган. Хонадон соҳиби мулоқот давомида бефарқлигидан уялди. Дарров қўшни етиштираётган картошка уруғидан олиб чиқиб, экиш ишларини бошлаб юборди.

Фуқаро Нормуҳаммад Икромовнинг ҳовлисида 5 сотихдан иборат томорқаси бор. Қанча экин парваришлаш, даромад олиш мумкин бўлган ер майдонида ҳатто чопиқ ишлари олиб борилмаган. Сабаби сўралганда, нигоҳлар ер чизди холос, ортиғи эмас. Яхшики, ўзбекнинг андишаси устун. Ортиқча гап-сўзга ҳожат қолмади. Кўнгил яқинлар бирлашиб бир зумда ер экин учун тайёрланди, яна “уруғчи” қўшни жонга оро кирди. Картошка экилишини бошлаб юбордилар. 

Албатта, ижобий жиҳатларни ҳам ибрат учун айтиб ўтиш жоиз. Муҳиддир Эсанбоев хонадони бу борада намуна бўлди. 5 сотихлик томорқа иссиқхона билан “банд”. Помидор, бодринг, булғор қалампири парвариши авжида. Кўрсангиз кўзни қувнатади. Меҳмонларнинг ташрифи хонадон соҳибини руҳлантириб юборди. Узоқ суҳбатлашилди. Маҳалла мутасаддиларига мазкур хонадонда томорқасидан унумли фойдалана олмаётганлар учун тажриба дарслари ўтилиши вазифаси берилди.

–Томорқаларга гул кўчатлари ҳам экишни кўпайтириш зарур, – деди мулоқотларда А.Хаитов. – Ер яхши меҳр берилса, албатта, эгасини боқишини бугун ҳар қадамда кўряпмиз. Фақат унумли фойдаланишни билиш даркор. Унинг қўшимча даромад манбаи эканини фуқароларимиз амалда ҳис қилишлари учун ҳаракат қиляпмиз. Масалан, шу маҳалладаги хонадонларнинг бирига кирганимизда икки овсин кутиб олди. Иккиси ҳам томорқа фаолиятига жуда қизиқар экан. Шу боис, уларга ўз бизнесини бошлаши учун зарур тавсиялар бериб, “Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, ёпиқ ва очиқ майдонларда маҳсулот етиштириш” номли китоблар тўпламини тақдим этдик. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари А.Хаитов сайловчилар билан учрашувлари доирасида маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, аҳоли томорқаларини ўрганиб чиқди. Мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

O'zLiDeP Андижон вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1045
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+