Давлат дастурида белгиланган вазифалар бажарилиши юзасидан депутатлар назорат олиб боради

05.03.2020, 15:42

Давлат дастурида белгиланган вазифалар бажарилиши юзасидан депутатлар назорат олиб боради

Мамлакатнинг барқарор ривожланиши, янада тараққий этишида аниқ мақсадлар ижросига йўналтирилган Давлат дастурлари муҳим омил бўлади. Шу боисдан, Давлат дастурларини қабул қилишда экспертлар, олимлар, иқтисодчилар, сиёсатчилар — қисқа қилиб айтганда, аҳолининг барча қатламлари фаол иштирок этиб, улар томонидан билдирилган таклифлар, тавсиялар таҳлил қилиниб, пишиқ ҳолатга келтирилади. Халқ манфаатлари, аҳолининг фаровон яшашига хизмат қиладиган Давлат дастурлари, албатта, кўзланган натижаларни беради.

Мамлакатимизнинг 2020 йилга мўлжалланган — 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси қарийб икки ой мобайнида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ушбу жараёнда уч мингдан ортиқ таклиф келиб тушди, улар асосида Давлат дастури лойиҳасига юзга яқин концептуал ва таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Куни кеча – 2 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган Фармонга мувофиқ, мазкур Давлат дастури тасдиқланди.

Унда 2020 йил 1 июлдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича, шунингдек, Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиб бориш тартиби белгиланган.

Миллий парламентимиз тизимида мазкур янги институтларнинг амалиётга жорий этилиши давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш билан бирга, ҳар бир соҳанинг барқарор ривожланишига, Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишида муҳим омил бўлади.

 

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O'zLiDeP фракцияси аъзоси 

  • Кўрилди
    548
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+