“Аёлларга ишонинг, улар сизнинг ишончингизни албатта оқлайди”

05.03.2020, 16:07

“Аёлларга ишонинг, улар сизнинг ишончингизни албатта оқлайди”

Хизмат тақазоси билан олис қишлоқларга сафарга чиқиб тураман. Оддий қишлоқ аёллари билан мароқли суҳбатлар қураман. Ана шу суҳбатлардан куч, илҳом олгандай бўламан. Тоғолди ҳудудларда яшаётган кекса аёллардан бири менга “қизим, биз ҳам шундай бўлганимиз билан анойи эмасмиз” деди. Ҳайрон бўлдим, онахон нима ҳақида гапираётганини англамаётган эдим-да. Шунда ўша аёл яна кулимсираб давом этди. “Қизим, биламан, сиз зиёли аёлсиз, партияда ишлайсиз, биз эса оддийгина ҳаёт кечираётган кишилармиз. Аммо биз бу галги сайловда аёл кишини депутат этиб сайлаб, адашмаган эканмиз. У ишончимизни оқлаяпти”

Мен бу аёлнинг гапларидан жуда қувондим. Онахон халқ фаравонлиги, юрт тараққиёти учун сайловда муносиб номзодга овоз беришнинг аҳамияти нечоғли муҳимлигини айтаётган эди. Ваҳоланки, бу галги сайловда маҳаллий кенгашларга O'zLiDePдан сайланган 164 нафар депутатнинг 31 нафари хотин-қиздир.

Мана, биргина мисол: Яккабоғ туманидаги Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Нимтўда қишлоғи аҳли билан гаплашсангиз улар “аёлларга ишонинг, улар сизнинг ишончингизни оқлайди” дейишади. Сабаби шу ҳудуддан сайланган туман кенгаши депутати Наргиза Саломованинг элга кўп нафи тегмоқда. Нимтўда қишлоғининг қуйи қисмидан оқиб ўтувчи Қизилдарё ўзани ўзгариб кетганлиги боис сел келиб, қабристоннинг бир қисмини ювиб кетган. Қишлоқ кайвонилари туман кенгаши депутати Наргиза Саломовага мурожаат қилишди. Депутат ўз навбатида туман ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Мусурмонов ва фавқулодда вазиятлар вазирлигининг туман бўлими бошлиғи Шерхон Қобиловга халқни қийнаб келаётган муаммони жойида ўрганиб чиқиш зарурлигини аниқ мисоллар билан тушунтирди.

Депутат сўровига асосан воқеа жойига ҳақиқий аҳволни ўрганган мутасаддиларга ҳудуддаги тадбиркорлар - “Нефтгазсофсавдо” хусусий корхонаси ва “Дўстлик” тош саралаш масъулияти чекланган жамияти раҳбарлари ҳомийлик ёрдамини беришга тайёр эканликларини айтишди. Эндиликда аҳолини қийнаётган мазкур муаммо депутат сўровидан сўнг бартараф этиладиган бўлди. Наргиза Саломова одамларга “сизларнинг дардингиз – менинг дардим” деган гапининг устидан чиқди.

- Маҳаллий кенгашларга сайланган 31 нафар хотин-қиз депутатнинг ҳаммаси ҳам эл учун куюнчак, ташкилотчи ва фидойи аёллардан, - дейди O'zLiDeP Қашқадарё вилояти кенгаши “Аёллар қаноти” бўлими бошлиғи Гулбаҳор Тўраева. – Энг қувонарлиси, вилоятимизда партия аъзолари сони 63178 нафарни ташкил этса, уларнинг 25 минг нафардан зиёди хотин-қиздир. Бундан кўриниб турибдики, хотин-қизларимиз нафақат оила бекаси, меҳрибон она ва суюкли рафиқа балки сиёсат майдонида ҳам ўзини кўрсата оладиган шахс сифатида намоён бўлмоқда.

Шу ўринда мен билан бир сафда меҳнат қилаётган Бозоргул опа Ташмамедова, Хуршида Холмўминова, Гулбаҳор опа Тўраева, Феруза Мустаева, Норсулув Норматова ва барча партиямиз фаолларини ҳамда бошқа сиёсий партияларда хизмат қилаётган хотин-қизларни, опа-сингилларни, депутат аёлларимизни баҳор ва гўзаллик айёми билан самимий муборакбод этаман.

Асилабону СУЛТОНОВА,

O'zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишлари

бўлими бошлиғи

  • Кўрилди
    869
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+