Наманганлик тадбиркор маҳсулотининг 70 фоизини хорижга экспорт қиляпти

06.03.2020, 18:07

Наманганлик тадбиркор маҳсулотининг 70 фоизини хорижга экспорт қиляпти

Халқ билан очиқ-ошкора мулоқот қилиш, фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Боиси, чекка-чекка қишлоқ ва маҳаллаларда халқ билан бевосита учрашувлар доирасида аниқланган муаммолар жойида бартараф этилаётир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов ҳам сайловчилар билан очиқ мулоқотда бўлиш, аҳолини томорқадан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш мақсадида Наманган вилоятида бўлди.

Халқ вакилининг вилоятдаги дастлабки учрашуви Наманган тумани “Асадбек ғишти саноат” МЧЖда бўлиб ўтди. Тадбиркор ва ишбилармонлар билан бўлиб ўтган мулоқотлар давомида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва аҳамияти тарғиб қилинди.

– Корхонамиз 2017 йилда ташкил топган бўлиб, кўп тармоқли ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Айни пайтда жамият қошида ғишт заводидан ташқари, сунъий гуллар ва юмшоқ ўйинчоқлар, шунингдек, мева ва сабзавотларни қадоқлаш орқали 60 турдаги маҳсулотлар қайта ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборли жиҳати, маҳсулотларимизнинг 70 фоизи Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларига экспорт қиляпмиз, дейди мазкур жамият раҳбари А.Эгамбердиев.

Спикер ўринбосари корхона фаолияти билан танишар экан, мева ва сабзавотларни қадоқлашда зарур бўладиган ҳомашёни етиштириш, бу борада фермерлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлади.  

Маълум бўлишича, бугун жамият қошида 4 гектар майдонда иссиқхона ҳам ташкил этилган. Энг муҳими, корхонада 500 нафар фуқаро доимий иш билан банд. Ҳозирда тадбиркор янги технологиялар олиб келиб, консерва маҳсулотлари турини 100 хилдан ошириш ҳаракатида юрибди.

Учрашувда тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

Юдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1206
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+