“Ўзимиз ёнмасак, муаммолар ечимига етолмаймиз”

10.03.2020, 17:04

“Ўзимиз ёнмасак, муаммолар ечимига  етолмаймиз”

Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умидахон Зокированинг энг кўп такрорлайдиган сўзлари. У сайловчилари орасида бўладими, иш жойидами, уйдами, умид билан қилинган мурожаатга бефарқ қарай олмайди. Фикримиз исботини депутатнинг Андижон шаҳридаги сайловчилар билан учрашуви мисолида кўриш мумкин.

Дилрабо Бакирова 11-умумтаълим мактабининг битирувчи синф ўқувчиси. Мақсади олийгоҳда таълим олиш. Шу билан бирга, ўзи сингари миллий ҳунармандчиликка қизиқувчи тенгдошларини атрофига йиғиб, маҳаллада мўъжаз ўқув маркази ташкил қилиш. Депутатнинг мазкур таълим даргоҳидаги ёшлар билан учрашуви Дилрабо каби иқтидорли йигит-қизларнинг орзуларига қанот берди.

– Очиғи, илгари бундай мулоқотлар сира ҳам ташкил қилинмаган, – дейди Д.Бакирова. –Ҳеч бир депутат келиб, бизнинг муаммоларимиз, мақсадларимиз билан қизиқмаган. Учрашувда шуни ҳис қилдикки, кечаги халқ ноибидан бугунгисининг фарқи жуда катта.

“Ўзбекистон 28 йиллиги” маҳалласида яшовчи Файзулло Маҳмудов касб-ҳунар коллежини тамомлади-ю, муқим ишга жойлашолмай сарсон бўлаверди. Хали у корхона, хали бу ташкилот оворагарчиликлар чарчатган бир вақтда масаласи ҳал бўлди. Андижондаги улкан бунёдкорликлар бўлаётган айни вақтда қурилишлар кўплаб ишсизликдан қийналаётган фуқаролар дардига малҳам бўлди. Ф.Маҳмудов ҳам бугун уларнинг бири. Аммо... унинг суюнишига бироз эрта экан. Ишга жойлашганига 4 ой вақт бўлибдики, халигача маошдан дарак йўқ. Бу масалада депутатдан кўмак сўраган фуқаронинг мурожаати У.Зокирова кўмагида ҳал этилди.

У.Зокированинг Андижон давлат университети талабалари билан учрашуви ҳам қизғин таклифлар, мунозараларга бой бўлди. Мулоқотлар давомида талабалар томонидан кўплаб таклиф ва мурожаатлар келиб тушди. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти шу ернинг ўзида бартараф этилди. Хусусан, чет тилларини ўрганишга иштиёқманд икки нафар талабанинг инглиз тили ўқув курси тўловлари депутат томонидан тўлаб берилди.

Файзиевлар хонадони Саъдий маҳалласидаги кам таъминланган оилалар рўйҳатида туради. Чиндан ҳам оила кўмакка муҳтож. Аммо бир йилда бир ёки икки марта (байрамлардан ташқари) бериладиган ёрдам, очиғи, хонадон рўзғори учун камлик қилади. Фарзандлар хали мурғак, айни “еб-ичаман” дейдиган ёшда. Оила соҳибининг топгани аранг рўзғорга етади. Хуллас, хонадоннинг бошини беркитсанг, оёғи очилади, оёғини беркитсанг, елкасига “совуқ уради”. Халқ ноибининг ташрифидан қувонган оила аъзолари ҳадялардан хурсанд бўлдилар. Бунинг устига хонадон соҳибасига касаначилик билан шуғулланиши учун шароитлар яратилди.

–Бугун одамларни қийнаётган муаммолар кўп. Уларни бартараф этиш учун кўпроқ халқ ичига кириб, аҳоли дардига, ташвишига елкадош бўлишимиз керак. Ахир бизни шунинг учун депутат қилиб сайлашмадими? Шунинг учун ишонч билдиришмадими? Демак, энди ишончни оқлаш, сайловолди учрашувларда берган ваъдаларимизни бажаришимиз зарур.

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    831
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+