Давлат буюртмаси бекор бўлган буғдой қайси омборда сақланади?

11.03.2020, 10:05

Давлат буюртмаси бекор бўлган буғдой қайси омборда сақланади?
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида соҳага бозор механизмларини жорий қилиш муҳим устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
 
Давлатимиз раҳбарининг 9 март куни қабул қилинган ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий қилишга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга моликдир.
 
Шуни айтиш жоизки, йиллар давомида ғалла етиштириш ва уни қайта ишлашни давлат қатъиян бошқариши, етиштирилган ғаллани бозор нархларига нисбатан паст нархларда харид қилиш амалиёти фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни оширишига, ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қизиқтира олмаган эди.
 
Охирги уч йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ғалланинг харид нархи сезиларли даражада оширилиб, 33 мингдан ортиқ ғалла етиштирувчи фермерларнинг моддий манфаатдорлик ҳисси уйғонганини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Натижада, ўтган йилда ўртача ҳосилдорлик 65 центнердан ошган ва 7 миллион тоннадан зиёд бошоқли дон етиштирилган.
 
Маълумки, ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан ўтган йили октябрь ойида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Республика Ҳукуматига мурожаатнома билан чиққан ва бу ташаббус қўллаб-қувватланган эди.
Янги қарор билан жорий этиладиган ўзгаришлар ғаллачиликда қулай агробизнес муҳитини яратиб, меҳнат унумдорлигини оширади ва манфаатдорликни кучайтиради. Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
 
Биринчидан, жорий йил ҳосилидан бошлаб давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинса, 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечади. Давлат хариди тўлиқ бекор қилинади. Фермерлар ва бошқа ғалла етиштирувчилар ғаллани сотишда тўлиқ мустақил бўлади. Бунда етиштирилган ғалла барча истеъмолчиларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин нархларда сотилади.
 
Иккинчидан, ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун зарур миқдордаги донни махсус Жамғарма эркин нархларда харид қилади.
 
Эндиликда давлат харид қиладиган буғдой фақатгина давлат корхоналари омборларида эмас, балки мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхоналарнинг донни сақлаш талабларига жавоб берадиган омборлари ёки сиғимларида шартнома асосида сақланиши мумкин.
 
Учинчидан, ҳар йили 1 августга қадар келгуси йил ғалла ҳосили учун кутилаётган минимал нархлар оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади ва бозорлардаги нархлардан келиб чиқиб ҳар чоракда тузатишлар киритиб борилади. Жаҳон бозори ва минтақавий биржалардаги нархлар таҳлили асосида минимал нархлар аниқланади ва шартномаларни тузишда мўлжал сифатида хизмат қилади. Бу ишни Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда амалга оширади.
 
Тўртинчидан, ғалла етиштирувчиларни молиялаштиришнинг янгича тизими жорий этилмоқда. Ушбу тизимнинг аҳамияти шундаки, бунда давлат аграр соҳада ўзининг асл функциясини бажаради ҳамда ғалла етиштирувчиларга ўзининг молиявий кўмагини бозор иқтисодиёти талаблари асосида таклиф қилади. Бу маҳсулот етиштирувчиларга барча агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш имконини беради ҳамда фермер хўжаликларининг кўрадиган даромади бевосита ўз меҳнатига боғлиқлигини таъминлайди.
 
Бешинчидан, ушбу қарор билан ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига кўрсатиладиган хизматлар монополиясига барҳам берилмоқда. Яъни, “Ўздонмаҳсулот” таклиф қиладиган хизмат – донни сақлаб беришни бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳам таклиф қилишига рухсат берилмоқда. Бу – соҳада қўшимча иш ўринлари яратишидан ташқари, хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратади. Натижада, ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига кўрсатиладиган хизматлар сифати ортиб бориб, жаҳон стандарти талабларига мос келадиган тизим барпо этилади.
 
Мазкур ислоҳотлар халқимиз дастурхонини тўқин қилиш, халқимиз ҳаётини фаровон қилишга бел боғлаган аграр соҳа вакиллари учун давлат томонидан қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилади, фермерларимизнинг манфаатдорлигини ошириб, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлайди.
 
Актам Хаитов,
 
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши
 
Ижроия қўмитаси раиси
  • Кўрилди
    1693
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Вегетериан2020-03-11 11:12:49

1. Ер хусусийлаштирилиб берилсин. Солик механизми оркали давлат даромадини олаверади. 2. Хар хил кераксиз карорлар чикаришни тухтатинг. Бозор механизми максимал балансни курсатиб беради. 3. Фермерларнинг ишига аралашманг. Шунча йил давомида сиздан кура тажриба ва билимга эга булишган. 4. Галла булса, омборхона иккиламчи нарса, уни хам фермерларнинг узи хал килишади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+