O‘zLiDeP депутатлари электр таъминоти корхонасининг ахборотини қониқарсиз деб топди

11.03.2020, 16:03

O‘zLiDeP депутатлари электр таъминоти корхонасининг ахборотини қониқарсиз деб топди

Аҳолининг электр энергияси таъминотидаги муаммолар бўйича келиб тушаётган мурожаатлари инобатга олиниб, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти раҳбарининг ҳисоботини эшитиш масаласи режалаштирилган эди.

Аммо жамият раҳбари йиғилишга келамаганлиги сабабли корхона раҳбарининг ўринбосари Суҳроб Мирзақулов ахборот берди.

Қайд этилишича, Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги қарорига мувофиқ, 2020 йилда Самарқанд вилояти бўйича 997 километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 441 та трансформатор пунткларини янгидан қуриш ва модернизация-реконструкция қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича 2767 километр масофада электр узатиш тармоқлари, 780 та трансформатор пунктлари ҳамда 8 та подстанциялардаги куч трансформаторларини мукаммал таъмирланиши кераклиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда бевосита “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ва корхонанинг жойлардаги бўлимлари фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар кескин танқид қилинди.

Жумладан, Оқдарё туманидаги Галаравот қишлоғи аҳолиси бундан икки йил олдин сотиб олган трансформатор ускунасини ўрнатиш бўйича O‘zLiDeP Оқдарё тумани кенгаши депутатига 2018-2019 йиллар давомида “келгуси йил дастурга киритамиз”, деган жавоблар олинган бўлса-да, трансформатор ҳалигача ўрнатилмаган.

Депутатлар ушбу тизимда муаммолар борлиги ва депутатлар сўровига ўз вақтида аниқ жавоблар бериши лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, йиғилишда вилоятнинг айрим қишлоқ ва маҳаллаларидаги симёғочлар 1960-1972 йилларда ўрнатилганлиги, учрашувларда аҳоли томонидан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксариятида эскирган симёғочларни янгисига алмаштириш масаласи кўтарилаётганлиги қайд этилди.

Йиғилишда “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ раҳбари ўринбосари С.Мирзақуловнинг ахбороти қониқарсиз деб топилди.

Депутатлик гуруҳи томонидан Самарқанд вилояти электр тармоқлари корхонасига ҳудудларда электр таъминотини яхшилаш ва энергия тежовчи двигателлар ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар берилди.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

O‘zLiDeP Самарқанд

вилояти кенгаши

 матбуот котиби

  • Кўрилди
    979
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+