Хоразмлик тадбиркор ва фермерларнинг муаммолари ўрганилди

11.03.2020, 22:12

Хоразмлик тадбиркор ва фермерларнинг  муаммолари ўрганилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов тадбиркор, фермер ва томорқачилар билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида Хоразм вилоятига борди.

Халқ вакили дастлаб Урганч шаҳридаги “Darital hub” cоworking марказида бўлиб, вилоятда фаолият юритаётган фермер, томорқачи ва тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Ўзаро мулоқотлар чоғида Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, айниқса, унда белгиланган устувор вазифалар ҳақида тушунчалар берилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 март куни қабул қилинган “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг моҳияти ҳам муҳокама қилинди.

Суҳбат ва мулоқотлар давомида Хива туманидаги “Муродбек” фермер хўжалиги раҳбари Ж.Отажонов фермерларни чопиқ тракторлари билан таъминлашда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишда ёрдам сўради. Қишлоқ хўжалиги техникаларини лизинг асосида харид қилиш борасида имкониятларни кенгайтириш лозимлигини айтди.

–Хоразмда деҳқончилик қилиш сув танқислиги боис ўта машаққатли меҳнатни талаб қилади. Шу сабабли томчилиб суғориш технологиясини кенг жорий қилиш орқали бу муаммога ечим топиш ва юқори ҳосил олиш мумкин, – деди боғотлик фермер Ш.Ражапов ўз мурожаатида.

Спикер ўринбосари А.Хаитовнинг навбатдаги учрашуви “Darital shoes” масъулияти чекланган жамиятида давом этди.

Асосан чармдан болалар, эркаклар ва ишчилар учун махсус пойабзаллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада кунига 150 жуфт пойабзал ишлаб чиқарилади. Энг муҳими, бугунги кунда бу ерда 60 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. 

Маълум қилинишича, айни пайтда корхона маҳсулотлари Тошкент, Самарқанддаги бозорларда ҳам харидоргир. Эндиликда корхона  раҳбари фаолиятини кенгайтириб, аёллар учун ҳам пойавзал ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳаракатида юрибди. Бунинг натижасида яна 100 нафар ёш доимий иш билан таъминланади. 

А.Хаитов корхона фаолияти билан яқиндан танишди, ишчи-ходимлар билан мулоқот қилди. Ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш, маҳсулот сифатини ошириш бўйича зарур тавсиялар берди.

Насиба ВАИСОВА,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят

 Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1309
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+