Нодир Жумаев: Миллий автомобиллар ишлаб чиқарувчиларимизда узоқ йилларга мўлжалланган стратегик режа йўқ

11.03.2020, 22:32

Нодир Жумаев: Миллий автомобиллар ишлаб чиқарувчиларимизда узоқ йилларга мўлжалланган стратегик режа йўқ

Бугун оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари, ижтимоий тармоқларга назар солсак, UzAutoMotors томонидан автомобиль нархларининг 21 фоизгача, хусусан, “Damas”, “Spark”, “Cobalt”, “Nexia” каби халқимиз томонидан харидоргир бўлган ва уларнинг сотиб олиш қобилиятига яқин автомобилларнинг нархларидаги ўсиш кенг муҳокама қилинмоқда.

Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзавтосаноат” АЖ масъуллари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда мутасаддиларнинг автомобиллар нархининг ошишини валюта девальвацияси, ҚҚС тўловлари билан изоҳлаши кишини таажжубга солади. Шунингдек, ички ва ташқи бозордаги умумий макроиқтисодий вазиятнинг ўзгариши билан боғлиқ эканлиги маълум қилинди.

Шу ўринда яна бир масала. 2020 йилнинг 4 мартига қадар шартнома имзолаган харидорлар учун шартномадаги барча шартлар сақлаб қолинади, дея таъкидлашган эди миллий автомобиль ишлаб чиқарувчилар. Лекин янги нархлар ҳақидаги жадвал 2020 йил 9 март куни расмий сайтда жойлаштирилгани истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш эмасми?

Фикримизча, миллий автоишлаб чиқарувчиларимизда узоқ йилларга мўлжалланган стратегик режа йўқ. Бугун давлатимиз раҳбари халқни рози қилиш, уларнинг манфаатларини таъминлаш борасида кўплаб ташаббусларни илгари сураётган шароитда бу каби ҳаракатлар халқнинг норозилигини уйғотиши табиий.

Умуман олганда, мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати даврида “UzAutoMotors”нинг бу каби ҳаракати халқимиз манфаатларига ҳам, ислоҳотлар жараёнига ҳам мос эмас.

Сайловчиларни қийнаётган муаммолар ва уларни ташвишга солаётган масалалар юзасидан халқимизнинг фидойи хизматчиси сифатида фаолият юритишга бел боғлаган депутатлар бу масалада алоҳида иш олиб боради. Алоҳида комиссия тузилиб, парламент назорати тартибида нархларнинг ўсишига оид мутасаддилар томонидан кўрсатилаётган сабаблар чуқур таҳлил қилинади.

Ҳар бир ҳаракатимиз, амалга оширилаётган ислоҳотларимиз халқимиз манфаатларига хизмат қилиши керак. Фаолиятимизда шаффофлик бўлмас экан, биз бунга эриша олмаймиз, иқтисодий ўсиш ҳам, фаровонлик ҳам ўз жойида қотиб қолади.

Шу ўринда “UzAutoMotors”нинг парламент қуйи палатасига келиб, мавжуд ҳолат бўйича изоҳ беришини очиқлик, шаффофлик сари ташланган қадам, дейиш мумкин. Зеро, ҳаммамиз шу халқ учун, унинг манфаатларини таъминлаш учун масъулмиз.

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1357
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+