“Биз сизни йиғлатгани келмадик, опа...”

12.03.2020, 15:32

“Биз сизни йиғлатгани келмадик, опа...”

Гулистон шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари 200 дан ортиқ эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатди, 10 нафар аёл доимий, 5 нафар хотин-қиз касаначилик асосидаги ишга таклиф қилинди. Жумладан, депутат Бунёд Қамбаров ташаббуси билан партиямиздан сайланган 12 нафар ноиб иштирокида бир ҳафта мобайнида аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилди.

Шаҳардаги “Дўстлик”, “Сайқал”, “Обод юрт”, “Янги ҳаёт”, “Аҳиллик”, “Тараққиёт”, “Улуғобод”, “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хонадонларга бирма-бир кирган депутатлар, камбағалликни келтириб чиқараётган омиллар, уларни бартараф этиш чораларига алоҳида эътибор қаратишди. Эътиборли жиҳати, депутатлар табаррук ёшдаги фахрий отахон ва онахонлар ҳолидан ҳам хабар олиб, уларга баҳор байрами муносабати билан совға-саломлар улашишди.

– Ҳақиқатан ҳам, биз шу кунгача кўплаб салбий ҳолатларга кўз юмиб келдик, – дейди O‘zLiDeP Гулистон шаҳар Кенгаши раиси, “Бек-Қурилиш-Авто” масъулияти чекланган жамияти раҳбари ўринбосари Бунёд Қамбаров. – Ўз ҳудудимиздаги аҳволни ўрганишдан мақсад уни фақатгина қоғозга ёзиб олишдангина иборат эмас. Балки қисқа фурсатда муаммоларга ечим топишдан иборатдир.

Тўқсон ёшли Асилбек ота Мўминов Гулистон шаҳридаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида ўғли Қобилжон билан бирга яшайди. Асилбек отанинг соғлиғи ёмонлашиб қолгач, ўғил ишини ҳам ташлаб отасига қарашга мажбур бўлмоқда. Шу боис Қобилжон ҳозирча отаси оладиган 850 минг сўмга қаноат қилиб туришга мажбур.

Навбатдаги хонадон бекаси Мавлуда Зокированинг турмуш ўртоғи Олим ота 2019 йилдан буён оғир дардга чалинган. Аёли бир зумга ҳам уни ёлғиз ташлаб, ҳатто дўконга ҳам чиқиб кела олмайди.

– Турмуш ўртоғимни касалхонага ётқизиб даволатишга маблағимиз етмаяпти, – дейди куюниб онахон.

– Ишга жойлашишим муаммо бўлмоқда, – дей­ди Турсуной Тўхтасинова. – Илгари умумий овқатланиш жойларида идиш ювувчи бўлиб ишлаганман. Бугунги кунда қаерга борсам, меҳнат дафтарчамнинг йўқлигини баҳона қилиб ишга олишмаяпти.

“MILI TEKS SIRDARYO” Ўзбекис­тон–Британия қўшма корхонаси директори ўринбосари Равшан Ғаниев Т.Тўхтасиновани ўз корхонасига ишга таклиф қилиши унга кутилмаган совға бўлди. Шунингдек, депутат Зокир Зикиряев томонидан унинг ўғлига бепул репетитор тайинланди...

Гепатитнинг оғир формасига чалинган 38 ёшли Насиба Ишанбаева тўрт маротаба жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Шундай бўлса-да, ногиронликка чиқолмай сарсон бўлиб юрганлигини маълум қилди. Депутатлар саъй-ҳаракати билан мазкур масала шу ернинг ўзида ҳал бўлди. Шунингдек, 4- ва 6-синфларда ўқиётган икки фарзандига бадиий китоблар жамланмаси тортиқ қилинди.

Эътибордан қувонган аёлнинг юзларини кўзёшлари ювди.

– Биз сизни йиғлатгани келмадик, опажон, – деди Бунёд Қамбаров. – Аксинча, муаммоларингизни ўрганиб, амалий кўмак бергани келдик. Бундан кейин доимо ёнингиздамиз.

Барно Атаханова туғма ногирон. 41 ёшли аёлнинг турмуш ўртоғи Илҳом буйрак етишмовчилиги боис тўшакка михлангач, ўзининг дарди ҳам кўзига кўринмай қолди.

– Ногиронлар аравачаси сўраб мурожаат қилганмиз. Аравача бўлса, турмуш ўртоғимни кўчаларга олиб чиқиб сайр қилдириб турардик, – деди Барно.

Депутатларнинг ҳамжиҳатликдаги ҳаракати туфайли Атахановлар хонадонига ногиронлар аравачаси жўнатилди. Эр-хотиннинг қувончини сўз билан таърифлай олмаймиз.

Зарифа Элмирзаева кўп қаватли уйларнинг қаровсиз ер майдонидан ўзига бир хонали уй қуриб олганди. У шу уйда бир нафар ногирон қизи билан истиқомат қилади. Аммо йиллар мобайнида шу хонадонда истиқомат қилаётган аёл уйни номига расмийлаштира олмай сарсон. Уни уйини бузиб ташлаш билан қўрқитиб турувчилар ҳам борлиги ҳақиқат.

– 8 ёшли ногирон қизимни энагага қаратиб ишлайман. Агар уйимизни бузиб ташлашса, ногирон болам билан кўчада қоламанми, деб доимо хавотирда яшайман, – дея кўз ёшларини тия олмаган Зарифа Элмирзаевани қийнаётган муаммога ечим топишга киришилди.

“Улуғобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги  ётоқхонада кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 8 оила истиқомат қилади. Депутатлар томонидан уларнинг яшаш тарзи, муаммолари, бандлик даражаси ўрганилди. Байрам олдидан бу хонадонларнинг ҳар бирига 1 қопдан ун, мой ва 8  турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.

– Ишонмайсизлар, лекин шу пайтгача бундай кўнгил сўрашлар, ҳам маънавий, ҳам моддий кўмак беришлар бўлмаган, – дейди ҳаётнинг кўп оғир синовларини мардона енгиб келаётган 54 ёшли Донохон Халилова. – Аввалги депутатлар сайланиб олганидан кейин қорасиниям кўрсатмасди. Бундай саховатпеша инсонларни дуо қилаяпмиз.

Сафина Ботирова 90 ёшда. Унинг айтишича, бор-йўғи биринчи синф маълумотига эга. 31 ёшида турмуш ўртоғидан бева қолган бу аёл ўз даврининг энг фаолларидан, юрт равнақи учун бор меҳрини бериб ишлаган аёллардан. Ая ҳатто депутатликка ҳам сайланганини фахр билан эътироф этиб ўтди.

– Умрим далада кетмон чопиш билан ўтган, – дейди Сафина Ботирова. – Аниқ эсимда, 1954 йилга қадар тўйиб нон еганимни эслай олмайман. Шукур, бугун мана шундай дориламон кунларда яшаяпмиз.

– 60 ёшга кирдим. Ҳаётимда энди совға оляпман, – дейди биринчи гуруҳ ногирони Лиля Суюнова. – Депутатларга раҳмат, савобга қолишяпти.

Бир сўз билан айтганда, Гулистон шаҳар Кенгаши депутатлари кирган ҳеч бир хонадон эътиборсиз қолмади. Деярли ҳаммасига совға-саломлар тарқатилди.

Дилором ЭСОНОВА,

O‘zLiDeP Cирдарё

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    928
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Davron 2020-04-26 01:21:21

Salom. Men Alijonov Davron. Meni fikrim xam iltimosim xam bitta.Sizlardan iltimos Yangiyer shaxar FAZOGIRLAR maxallasida 8 xona 1 uyda yashovchi fuqorondan xabar olishlarizni surayman U xonadonda 73 yoshli ONAXON yashaydila diyarli xech kimi yoq.Uzlari bemor uydan chiqomaydilar kuchaga xech kimni kurolmaydi Kimdanam yordam surashni bilmaydilar. Sizlardan yana bir bor iltimos.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+