ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ЕР КОДЕКСИ: энди шароит ва имкониятга қараш лозим

12.03.2020, 17:55

ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ЕР КОДЕКСИ: энди шароит ва имкониятга қараш лозим

“Ерни боқсанг, ер сени боқади”. Ер билан тиллашишнинг гашти, завқида ўзгача руҳ бор. Унинг ҳар бир  қаричини олтинга менгзамоқда ҳам ҳикмат бор. Халқ ва давлат манфаатдорлигини айтмаслик мумкин эмас бу борада.

O‘zLiDeP фракцияси ташаббуси билан 2020 йил 10 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган илк “Ҳукумат соати”да “Ер майдонларини танлаш ва тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, қиш­лоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер фондининг самарали ишлатилиши бў­йича олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги мавзунинг ўртага ташлангани бежиз бўлмади. Унга таклиф этилган Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев йўналишдаги камчиликларни бартараф қилишда таклифларимизни қўллаб-қувватлади, масалаларимизга ечим берди.

Хусусан, бу масалада шахсан мени ер эгаси сифатида кўп вақтдан буён жавоби топилмаётган саволимга батафсил жавоб олганим хурсанд қилди. Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 январдаги қарори ва 2019 йил 17 июндаги фармонида 2020 йилда яйловлар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш ҳисобидан озуқабоп экинларни етиштиришни йўлга қўйиш учун чорвачилик хўжаликларига чорва молларининг бош сонига қараб ажратиб берилиши кўзда тутилган. Лекин, очиғини айтиш керак, Андижон ҳамда Наманган вилоятларида бундай ерлар мавжуд эмас! Хўш, ушбу вазиятда Президент фармони ижроси қандай таъминланади?

Айни саволим очиқ қолмади. Абдушукур Абдуллаевнинг “Андижон вилоятида ер жуда ҳам чекланган. Бундай вазиятларда ана шундай ерлари бор, бошқа яйлови мавжуд жойлардан ер ажратилиши таъминланади. Масалан, Оҳангарон туманида жуда катта яйлов майдонлари бор. Шу сабабли, ер танқис бўлган ушбу икки вилоятдаги чорвачилик хўжаликларига бу ҳудуддан ер майдонлари берилади”, деган жавоби бизни қониқтирди. Бу, албатта, ер ажратишда ҳудуднинг ўзига хосликлари инобатга олиниши, Андижонда ҳам, Сурхондарёда ҳам бир хил ҳажмли ер майдони ажратилмаслиги кафолатидир. Яъни янги таҳрирдаги Ер кодексида ер майдони дифференциация тамойили асосида ажратилиши кўзда тутилиши таъкидланди.

Шунингдек, “Ҳукумат соати”да биз бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири - ерларнинг ноқонуний эгалланиши, уларнинг динамикаси ва келиб чиқиш сабаблари ҳамда бу каби қонун бузилишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан ҳам қизиқдик. Йўналишдаги муаммоларни бартараф этишда ўз таклифларимизни бердик. Ишонамизки, эндиликда бу борада дуч келинадиган камчиликларни қўмита билан биргаликда ижобий ҳал этиш имконияти бор.

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1777
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+