Қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмаси бизнес бошламоқчи бўлган фуқаролар учун катта имконият яратади

12.03.2020, 18:00

Қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмаси бизнес бошламоқчи бўлган фуқаролар учун катта имконият яратади

2020 йил 11-12 март кунлари Тошкентда "AgroWorldUzbekistan" Қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Мазкур кўргазма доирасида Глобал агросаноат форуми ҳам ташкил қилинди. Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Европа Иттифоқи Делегацияси ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан ташкиллаштирилди.

Кўргазмада иштирок этаётган халқаро делегация вакиллари мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ижобий ишлар, айниқса, куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган пахта ва буғдойга давлат режасининг олиб ташланиши борасидаги қарорларига юксак баҳо бердилар.

Мазкур кўргазмада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси депутатлари ҳам иштирок этди.

- Мамлакатимизда ташкил этилган бу йилги қишлоқ хўжалиги халқаро  кўргазмаси олдингилардан мутлақо ажралиб туради, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамова. – Сабаби, мазкур кўргазмада ривожланган мамлакатларнинг қишлоқ хўжалигига оид энг замонавий технологиялари, айниқса, мини технологияларнинг кўргазмаси намойиш этилаётганлиги нафақат қишлоқ хўжалигида балки, “бир маҳалла-бир маҳсулот” тамойили асосида аҳоли томорқаларида ихчам замонавий иссиқхоналар қуриш, инкубатор, товуқ фермаларни ташкил қилиш, лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш, имтиёзли кредитлар ажратилиши каби масалаларда кўпроқ маълумотларга эга бўлишлари мумкин. Айниқса, кўргазмада намойиш этилаётган қишлоқ хўжалиги технологиялари “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида қатор тадбиркорликни йўлга қўйишда қўл келади. Масалан, аҳоли томорқаларида кичик иссиқхоналар, бир маҳалланинг ўзида 10 га яқин хонадонларда паррандачиликни ташкил қилиш учун замонавий ихчам технологиялари намойиш этилаётганлиги қишлоқ аҳолисига қулайлик яратади.

Бизнинг парламентдаги қўмитамиз вакиллари кўргазмада тақдим этилаётган ушбу замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини соҳа вакилларига, тадбиркорлик қилмоқчи бўлган аҳолига тавсия этишни мақсад қилдик.

Бу албатта, қишлоқ хўжалигида янги замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш имконини беради, фермерларимизнинг даромадларини янада оширишга, минглаб иш ўринлари яратилишига, озиқ-овқат маҳсулотларини халқаро стандартлар даражасида ишлаб чиқаришга ва экспертни ривожлантиришга катта ёрдам беради.

  • Кўрилди
    1229
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+