Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро тажриба кенг ўрганилди

12.03.2020, 19:22

Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро тажриба кенг ўрганилди

Қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш – кўп босқичли ва мураккаб жараён. Қонун ҳужжати лойиҳаси тайёр қонун ҳолига келгунига қадар кўплаб “чиғириқлар”дан ўтказилади. Зеро, ҳар жиҳатдан пишиқ, пухта тайёрланган қонунларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор аҳамият касб этса, унинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳам самарали бўлади.

Шу боис, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг муҳокамаси жараёнида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, куни кеча парламент қуйи палатасининг мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳаси ҳам депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.  

Таъкидлаш жоизки, амалдаги 1996 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қонун юртимизда маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини тизимли ҳал этишни таъминлай олмаяпти. Маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш тартиб-таомиллари ишлаб чиқилмаган ва тартибга солинмаган.

Янги қонун лойиҳасида эса юқоридаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган моддалар киритилган. Хусусан, маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш механизмлари ўрнатилган ва мазкур масалаларда махсус комиссиялар тузиш ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш ҳуқуқий нормалар асосида белгиланган. Эътиборли томони, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Молдова давлатларининг соҳадаги қонун ҳужжатлари чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинган.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳадаги ҳуқуқий нормаларни самарали амалга оширишни таъминлайдиган таъсирчан механизмларни жорий қилиш, маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини босқичма-босқич қарор қабул қилиш ва давлат экспертизасидан ўтказишнинг аниқ тартибини белгилашда ҳуқуқий асос биўлиб хизмат қилади.

Нуриддин  СУЛТОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси 

  • Кўрилди
    355
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+