Депутат ўз томорқасида “мастер-класс” ўтказди

13.03.2020, 12:03

Депутат ўз томорқасида “мастер-класс” ўтказди

Томорқа – том ортидаги барака дегани. Мана шу баракани бугун қўшқўллаб топаётганларга ҳавасингиз келади. Зотан, давлатимиз раҳбарининг томорқани даромад манбаи эканлигини алоҳида таъкидлашларида ҳикмат кўп. Бунинг исботини бугун хонадонлардаги томорқалардан унумли фойдаланаётганлар мисолида яққол кўриб турибмиз.

Дилсўз Ҳасанова ҳам ана шундай ишбилармон аёллардан саналади. Унинг Қарши туманидаги Мирмирон қишлоғидаги 5 сотих томорқаси ҳақиқий даромад манбаига айланган. Дилсўз Ҳасанова O'zLiDeP Қарши туман Кенгаши депутати ҳам саналади. У ўз бизнесини коллежни ва мактабни битираётган, тадбиркорликка иштиёқи баланд ёшларга ўргатишга, уларга мастер- класс ўтказишга қарор қилди.

Бу ташаббусни O'zLiDeP вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти”, партиянинг Қарши туман Кенгаши қўллаб-қувватлади ва унинг иссиқхонасида “Томорқа – даромад манбаи” мавзуида мактабларнинг юқори  синф ўқувчилари ҳамда коллеж ўқувчилари ўртасида маҳорат дарси шаклида амалий машғулотлар ўтказилди.

Опа-сингилларимиз, ёш қизларимиз тажрибали тадбиркор опамизнинг иссиқхонаси билан танишар экан, дастлаб ерга ишлов беришдан тортиб, кўчат қай усулда экилиши, уни парваришлаш, ўз вақтида ўғит ва сув бериш, помидор кўчатларини пишиб етилишига қадар олиб бориладиган фаолият билан яқиндан танишдилар. 

Маҳорат дарси давомида иштирокчиларга оилавий тадбиркорлик учун ажратиладиган микрокредитлар, кичик бизнес, хусусий, тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантириш учун зарур молиявий ресурслар манбалари хусусида етарлича маълумотлар берилди. Якка тартибдаги меҳнат фаолиятини, оилавий бизнес ва касаначиликни фаоллаштириш, қишлоқ жойларда, хотин-қизлар учун микромолиявий хизматлардан фойдаланишни йўлга қўйиш каби масалалар ҳам ташкилотчилар диққат марказида бўлди.

Дилсўз Ҳасанова депутатлигу томорқачиликдан ташқари Қарши туманидаги Мирмирон қишлоғида “Исломбек” хусусий мактабгача таълим ташкилоти очиб, ота-оналар ҳурматини ҳам қозонмоқда.

O'zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    706
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+