Пальма ёғи: инкорни инкордан илғор идрокка

15.03.2020, 10:13

Пальма ёғи: инкорни инкордан илғор идрокка

Олий Мажлис депутатлари, айниқса, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ҳар томонлама чуқур таҳлил қилаётган долзарб мавзулардан бирига эътибор қаратишни лозим топдик. Муҳокаманинг ўта муҳим аҳамияти шундаки, унинг оқилона ечим топиши мамлакат аҳолисининг сиҳат-саломатлигини асраш масалалари билан бевосита боғлиқдир. 

Пальма деганимиз дарахтсимон ўсимликлар оиласига мансуб­лигини кўпчилик яхши билади, албатта. Аммо ер юзида унинг 3400 дан зиёд тури мавжудлигидан ҳамма ҳам хабардор бўлмаса керак. Аксарият навлари тропик ўлкаларда ёввойи ҳолда ўсади. Бармоқ билан санарли турларигина маданийлаштирилган. Жумладан, кокосли ва ҳурмоли пальма жаҳонда кенг тарқалган. У азалдан Африка қитъаси ва Ғарбий Осиё мамлакатларида муҳим озиқ-овқат маҳсулоти саналган. Қадимги Миср ва Арабистон ярим оролида илгари “Ҳаёт дарахти” сифатида ардоқланган.
Ҳозирги кундаги қарашлар эса сезиларли равишда ўзгарган. Манфаатлар чорраҳасидаги мусоҳабалар бунинг боисидир. Инчунун, пальма ёғининг фойдали ёки зарарли эканини тарғиб қилувчилар икки бўлинган. Бу борадаги муносабатларни таҳлил қилар эканмиз, мазкур жараённи ўзаро зид меъёрий бандларга эга юридик шартномага таққослагимиз келди. Бир қарашда шартнома белгиланган талабларга мос тушади. Аслида эса инкорни инкор қонунининг амалдаги намоёни сифатида майдонга чиқади.

Ҳар нени излаб топиш имкони бўлган интернетни қўя туринг, ҳатто сарғайган нашрлар, турли замонларда чоп этилган китобларда ҳам пальма ёғининг зарари кўпми ё фойдаси деган саволга аниқ жавоб йўқ. Баъзи манбаларда ҳатто унинг инсон ҳаёти кушандаси экани таърифланса, бошқа маълумотларда рақобатчилар ўйлаб топган сафсата экани қайд қилинади. Баҳслар шу даражага етганки, тарафлар унинг ёғ ёхуд мойлиги хусусида ҳам бир тўхтамга келишмаган. 
Калаванинг учини топишга интилаётган терговчи янглиғ титкилаган, синчиклаб ўқиган ҳужжатларимиздан ойдинлашганидек, пальма ёғи икки турга бўлинади. Қизил пальма ёғи ҳамда техник пальма мойи. Қизил пальма ёғи пальма мевасидан олинади. Фойдали ва қиммат маҳсулот. Хом пальма мойи эса мевасининг данагидан сиқиб чиқарилади. Арзон ва зарарли. Ғалати пародоксни сезяпсизми? Техник пальма ёғи ноозиқ-овқат маҳсулотлар таркибига қўшилади ва уни истеъмол учун ишлатиш умуман мумкин эмас. 

Энди жиддий савол туғилади: мамлакатимизнинг иқтисодий чегаралари – турфа товарлар кирди-чиқдисини назорат қиладиган божхона масканлари ана шу бир хил ёғнинг икки тури (ҳасан-ҳусан)ни ажрата оладиган мутахассислар ва лаборатория ускуналари билан етарли даражада таъминланганми? Ёки фарзандларимиз музқаймоққа қўшиб техник пальма ёғини узлуксиз истеъмол қилишяптими? Бу кетишда эртага нима бўлади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Қаҳрамон ЭРГАШЕВнинг шахсий фикрича, пальма ёғини сут маҳсулотларига зинҳор яқинлаштирмаслик даркор.

– Маргарин ва пишлоқларда ёғ кислоталаридаги трансизомерлар миқдор кўрсаткичи бўйича 4 фоизгача этиб белгиланган бўлса-да, харид қилинган намуналарда уларнинг миқдори 8,8 фоиз, яъни ушбу маҳсулотлар таркибида бегона ёғларнинг миқдори қатъий меъёрдан икки баробардан юқорилиги қайд этилган, – дейди у. – Бу амалдаги “Сут ва сут маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент”даги сут маҳсулотлари таркибида бегона ёғларнинг бўлмаслиги шартига мутлақо зиддир.

Хўш, парламент вакилларини нима хавотирга соляпти? Расмий маълумотларга қараганда, 2016-2018 йиллар давомида мамлакатимизга ўртача 50 минг тоннадан пальма ёғи олиб кирилган бўлса, 2019 йилнинг январь-май ойларида 31 минг тоннадан ортиқ импорт қилинган. Пальма ёғи кўпроқ ғирром ишлаб чиқарувчилар томонидан пишлоқ, музқаймоқ, сметана, қаймоқ, сариёғ таркибига аралаштирилиши инсон саломатлиги учун катта хавф туғдиради. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан пальма ёғи импорти бўйича етакчилик қилаётган 23 мамлакатда ўтказилган мета-анализ натижаларига кўра, мазкур ҳудудларда юрак-ишемик касалликлари билан боғлиқ ўлим ҳолатлари кўрсаткичи юқорилиги, шунингдек, пальма ёғини истеъмол қилиш қон таркибида атеросклероген холестериннинг ошишига олиб келиши аниқланган.
Соғлом турмуш тарафдорлари пальма ёғини парчаланиши қийин бўлган қуюқ мой (трансжир)лар сирасидан эканини, инсон организмидаги ферментлар ишини бузиши, семизликка мойилликни кучайтиришини қайта-қайта таъкидлашади. ЖССТнинг 2018 йил 14 майдаги қаттиқ ёғларни озиқ-овқат саноатида қўллашга оид тавсияларида ҳам қуюқ мойлар туфайли юрак-қон томир хасталиклари 21 фоизга ошгани, бундай касалликка чалинганларнинг 28 фоизида ўлим қайд этилаётгани маълум қилинган. Ана шу кўрсаткичларнинг салмоқли қисми қашшоқликда кун кечираётган аҳоли қатламлари ҳиссасига тўғри келади. Мутахассислар буни ҳам пальманинг бошқа ёғларга нисбатан арзонлиги сабаб ишлаб чиқарувчилар таннархни пасайтириш учун айнан ундан фойдаланаётгани, яъни озиқ-овқат маҳсулотларига жуда кўп миқдорда аралаштирилаётгани билан изоҳлашади. Камбағаллик эса энг арзонидан ўзгасининг истеъмолига имконият қолдирмайди.
Яна бир жиҳати, пальма ёғи қўшилган истеъмол товарининг яроқлилик муддати узоқроқ бўларкан. У хона ҳароратида туси ва таъмини, қуюқлигини ўзгартирмайди. 40-42 даража иссиқлиқдагина эриш-суюлиш жараёни кузатилади. Энди қаранг: инсон танаси ҳарорати 36,6 даражани ташкил қилади. Демак, пальма ёғи организмда парчаланмай қолиб кетади. Шунинг учун бўлса керак, Ўзбекистоннинг амалдаги санитария қоидалари ва меъёрларига асосан болалар озиқ-овқати маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида пальма ёғидан фойдаланиш тақиқланган.
Кези келганда, эътиборли бир жиҳатни ҳам айтиб ўтиш жоиз. У ҳам бўлса, парламент қуйи палатаси депутатлари, айниқса, фракциямиз аъзоларининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида турли маҳсулотларнинг сифати, хусусан, пальма ёғининг инсон организмига таъсири юзасидан ҳар томонлама ўрганишга жиддий киришганидир. Очиғи, ўтган йилнинг ёзида жонкуяр ноиблар ташаб­буси билан старт олган мазкур жараён маррага етмай қолганди.

Тўлқинжон Каримов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

– Мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти ва саломатлиги энг олий қадрият даражасига кўтарилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда аҳолининг сиҳат-саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши энг устувор вазифа саналади. Шундай экан, бугунги муҳокама этилаётган мавзу, яъни пальма ёғини истеъмол қилиш масаласидаги фикрим шуки, тиббиётда унинг соғлиқ учун зарарли экани аниқланган бир пайтда бу ёғнинг озиқ-овқат маҳсулотлари учун ишлатилишига шахсан мен ҳам қаршиман.  

Шу муносабат билан Олий Мажлис депутатлари ва Сенат аъзоларини, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси мутасаддиларини, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда Фанлар академияси Ўсимликлар кимёси институти мутахассисларини баҳсга чорламоқчимиз. Марҳамат, “XXI asr” минбари сизга мунтазир. Асосланган мулоҳазаларингизни очиқ мунозарада ўртага ташланг. Пальма ёғининг фойдаси кўпми ёки зарари? Унинг истеъмолини фақатгина болалар учун чеклашда қандай мантиқ бор? Қуюқ мойлар озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида катталар организмига тушаверса майлими?

Инкорни инкордан илғор идрок ихтиёрига ўтиш муддаосида кутилмаган қиёсни эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. ЖССТ маълумотларига кўра, ер юзида йилига 500 минг зиёд киши юрак-қон томир касалликларига чалинмоқда. Шундан 5 минг ҳолати ўлим билан якунланяпти. Бунинг асосий сабаби организмда қаттиқ ёғлар миқдори меъёридан ошиб кетаётгани билан изоҳланаётир. Бутун дунёни ваҳимага солаётган коронавирусда ҳам мудҳиш кўрсаткич шунчалик юқори эмас. Мазкур хасталикни юқтирганларнинг 3,4 фоизи (2 мингдан кўпроқ) оламдан кўз юмди. Даҳшатли томони шундаки, коронавирус бир ҳафтада маълум бўлади-қўяди. Қуюқ мойлар, хусусан, жуда арзон техник пальма ёғи туфайли орттирилган оғир дардлар йиллар давомида яшириниб ётади. Хўжалик совуни ва шам ишлаб чиқаришда асқотиб, ушбу маҳсулотларнинг таннархини пасайтиришга (харидорини кўпайтиришга ва даромадни оширишга) хизмат қилаётган қаттиқ ёғнинг оз миқдорда бўлса-да инсон организмидаги ҳолатини кўз олдингизга келтириб кўринг-чи.
Бугун пальма ёғи истеъмолини тақиқлаган қатор давлатлар мавжудлиги баробарида унга расман рухсат этилган мамлакатлар ҳам анчагина. Йирик ишлаб чиқарувчилар, хусусан, Италиянинг машҳур “Ferrero” компанияси мутасаддиларининг баёнотига қараганда, пальма атрофидаги шов-шувли хабарлар рақобатчилар найрангининг самарасидир. Уларнинг фикрича, ушбу ёғнинг зарарли кўрсаткичлари рафинация қилинадиган соя, кунгабоқар ва бошқа ўсимлик­лардан олинадиган мойларникидан юқори эмас. Салбий  бўёққа эга мулоҳазалар кўпроқ русийзабон ОАВ таъсирида шаклланмоқда. Сабаби – рақобат, рақобат ва яна бир бор рақобат. Россиялик ишлаб чиқарувчилар ўзларидаги кунгабоқар ёғини ундан анчагина арзон пальма мойига алмаштиришмоқда. Аграр секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида бирмунча вақт аввал пальмага қарши “ахборот уруши” ҳам олиб борилгани бежиз эмас. Украинада ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. Ҳатто бу икки давлатда пальма импортини қонунан чеклаш таклиф қилинди. Лекин иш бунгача етиб бормади...
Ўзбек халқининг асрлар синовидан ўтган ажойиб мақоллари бор. “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди”, “Етти ўлчаб бир кес!”, “Ақлли ўйлагунча таваккалчи ишини битказади” янглиғ қуйма иборалар шулар жумласидандир. Назаримда, O‘zLiDeP фракцияси пальма ёғи импорти ва истеъмоли масаласидаги қатъий позициясини шакллантиришда ана шу учала мақолнинг мазмун-моҳиятини уйғунлаштирган ҳолда ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқдир. 

Биринчидан, ел (балки довул) қайси томондан эсаётганини ва бунинг натижасида пальма барглари нечоғли тебранаётганини холисона аниқлашдан иш бошлаган маъқул. Зарари ҳақидаги иддаолар заррача илмий асосга эга бўлмаганида муҳокамалар кенг тус олиши ўрнига мантиқсизлиги учун аллақачон якун топмасмиди!? 

Иккинчидан, пальма ёғининг тақиқланиши уни олиб кираётган ёхуд шу ерда ишлаб чиқараётган тадбиркорларга катта зарар келтиради. Мазкур бизнес субъектларида бандлиги таъминланган фуқаролар даромад манбаидан айрилади. Ахир, бу минглаб кишилар меҳнат қиладиган тамаки ёки алкоголь маҳсулотлари тайёрлайдиган корхоналарни бир зарб билан ёпишдек гап. Зотан, уларнинг одам соғлиғига зиёни пальманикидан кам эмас. Бундан ташқари, ишбилармонлар қатлами либерал-демократлар электоратининг салмоқли қисмини ташкил қилади. Етти эмас, етмиш ўлчовдан сўнг қарор қабул қилинмаса, ўз томирига ўзи болта уришдек ҳолат юзага келиши мумкин. Бу эса рақобатчи партияларга PR-устунлик, блогерларга “иштаҳа” дегани эмасми?

Учинчидан, масала ечими қанчалик узоқ ўйланса, шунчалик кўп имконият бой берилади. Лағмондек чўзиш оқибатидаги муаммолар рўйхати спагеттидан ҳам узунроқ кўриниш ҳосил қилмаслиги учун ҳам таваккалчиликни ҳисобдан чиқариб бўлмайди. Қайдан биласиз, балки айни дақиқаларда сизнинг шириндан шакар фарзандларингиз, қақажонларга хос қилиқлари, қиқир-қиқирлари ҳузур бағишлайдиган невараларингиз техник пальма мойи қўшилган қандолат маҳсулотини истеъмол қилаётгандир. Шундай эмаслигига кимдир кафолат бера оладими?

Қомусий китобларда битилишича, пальма беш минг йил олдин Африка қитъасида пайдо бўлган. Орадан анча вақт ўтиб, кемалар кашф қилингандан сўнг денгиз орқали Индонезия ва Малайзия оролларига тарқалган. Цивилизация асосчиларидан саналган қадимги мисрликларнинг “ҳаёт дарахти” XXI асрга келиб умр заволига айланиши мумкинлигини ўша пайтдаги илму урфон намояндалари хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак!? Акс ҳолда, поясининг тиккалигини тўғри йўл ва адолат рамзи, баргларининг йириклигини улуғворлик ва музаффарлик белгиси сифатида тарғиб қилишмасди. 

Нима дедингиз ё сизда ўзгача мулоҳазалар, сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмайдиган тайинли таклифлар борми? Одамлар инкорлардан безган – идрокни ишга солинг, ИДРОКни!

Марҳамат, баҳс бошланди.


Озод РАЖАБОВ,
“XXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    764
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+