Камбағалликни камайтириш энг муҳим вазифага айланиши керак

16.03.2020, 17:23

Камбағалликни камайтириш энг муҳим вазифага айланиши керак

Президентимизнинг парламентга Мурожаатидаги қуйидаги фикрлар илк бор, яъни мустақилликка эришганимиздан буён энди айтилди: “Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда”.

Кучли сиёсий ироданинг маҳсули бўлган мана шу сўзларни эшитган, ўзини юртга дахлдор ҳисоблаган инсон борки, виждони қийналади, ҳаловати йўқолади. Фақат давлат раҳбаригина эмас, бошқа амалдорлар ҳам, бой-бадавлат кишилар ҳам камбағалликни камайтиришга ўз ҳиссасини қўшиши кераклигини англаб етади.

Тижорат банклари томонидан микрокредитлар ва микролизинг бериш камбағалликни тугатишнинг бир йўналиши сифатида қаралади. Хоҳ АҚШ, Франция, Буюк Британия каби ривожланган давлатлар бўлсин ёки Литва, Польша, Венгрия каби ривожланаётган давлатлар бўлсин, микромолиявий хизматлар бозорини қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатда тадбиркорлар салмоғини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Польша ва Венгриянинг микромолиявий хизматлар бозорига назар ташласак, ҳар иккала давлатда соҳавий тузилмаларнинг ривожланиши учун қулай муҳит яратилганини кўриш мумкин. Хусусан, Польшада микромолиялаш хизматларини кўрсатадиган энг катта институтлардан бири “Фундуш микро” жамғармаси бўлиб, 28 та филиали фаолият кўрсатади. Польшада қишлоқ хўжалигидаги бизнесни қўллаб-қувватловчи яна иккита микрокредит жамғармаси мавжуд.

Россияда микромолиялаш хизматлари бозори ҳозирда институционал ривожланиш босқичида бўлиб, узоқ ва муваффақиятли фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ етакчилар ажралиб чиқмоқда. Лекин микро­молиялаш бозорида талаб ва таклиф ўртасидаги катта номутаносиблик бу соҳада фаолият юритишни хоҳлаган янги ташкилотлар пайдо бўлишига тўсқинлик қилмоқда.

Осиё қитъасида ҳам микромолиявий хизматлар бозорини ривожлантиришга катта эътибор қаратилган. Бу борада Япония, Жанубий Корея, Бангладеш, Индонезия ва Малайзия давлатларини мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин. Таъкидлаш жоизки, ўтган асрнинг сўнгги йилларида жаҳон иқтисодиётида микромолиявий хизматлар тизимини йўлга қўйиш орқали аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш мумкинлиги эътироф этила бошланди. Шу ўринда Жануби-шарқий Осиё­да жойлашган Малайзиянинг танлаган стратегияси ва эришган ютуқларига эътибор қаратиш фойдадан холи бўлмайди.

Малайзия банк тизими 48 та маҳаллий (9 та тижорат банки, 11 та ислом банки, 15 та инвестицион банк ва бошқа молия институтлари), 24 та хорижий (14 та тижорат банки, 6 та хорижий ислом банки ва 4 та халқаро ислом банки)дан иборат бўлиб, тизимнинг капитализация даражаси 2010 йил 1 январь ҳолатига 14,7 фоизни ташкил этган. Малайзиядаги корхоналарнинг 99 фоизи кичик ва ўрта бизнес субъектлари бўлиб, уларнинг 80 фоизи мик­рофирмалардан иборат.

Аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги ва ҳудудий ривожланиш вазирлиги қошидаги агентлик (MARA), “Amanah Ikhtiar Malaysia” (AIM) ва “Tekun Nacional” каби мик­ромолиявий институтларга имтиёзли, яъни камида ўн йил муддатга фоизсиз кредит ажратиб келинмоқда. Аҳоли ўртасида камбағалликни тугатиш ҳамда ҳаёт даражасини ошириш мақсадида гуруҳли кредитлаш (Грамин банк томонидан асос солинган тизим) 2006 йилдан йўлга қўйилган. Гуруҳли кредитлаш аъзолари ҳар ойда камида икки маротаба йиғилиш ўтказиши шарт. Ушбу микрокредитлар микромолия­вий ташкилотлар томонидан камида 6-10 иш кунида кўриб чиқилади. Малайзиянинг мик­ромолиялаш соҳасидаги таж­рибасини Ўзбекистонда ҳам қўллаш мумкин. Бугунги кунда таъминот масаласида муаммоларга дуч келган фуқаро ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида акциядорлик тижорат “Мик­рокредитбанк”, “Агробанк” ва “Халқ банки”даги мавжуд салоҳиятни инобатга олган ҳолда гуруҳли кредитлаш механизми жорий этилиши зарар қилмайди.

Айни пайтда юртимизда камбағалликни тугатиш юзасидан ишчи гуруҳ ташкил қилинган бўлиб, жойларда ўрганишлар олиб бормоқда. Назаримда, ушбу гуруҳ томонидан хорижий давлатлар, хусусан, Малайзия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган микрокредитларнинг маълум миқдоригача (масалан, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваригача) бўлган суммада таъминот талаб этилмаслиги ҳақидаги нормани “Микромолиялаш тўғрисида”ги қонунга киритилиши мақсадга мувофиқ бўларди.

Бугун биз камбағаллик нима эканини билдик, анг­ладик. Тан олгандан кейин бартараф ҳам этиш керак-ку. Бунинг учун инсон ўзини ўша камбағал одамларнинг ўрнига қўя олиши, уларнинг ҳаёт машаққатини, изтиробини юрак-юрагидан ҳис эта билиши лозим. Аччиқ ҳақиқат кимгадир ёқмас, қулоғимизга хунук эшитилар, балки чет эллардаги баъзи бировлар буни дастак қилиб олар. Булар муҳим эмас. Энг муҳими, Президентимиз жуда мушкул, жуда залворли, жуда машаққатли, жуда азобли бир юкни елкасига олди. Бу юк асрлар давомида ўрнидан силжимаган, асрлар давомида тилга олинмаган, йиллар давомида тан олинмаган камбағаллар борлиги ҳақидаги ҳақиқат эди.

Ислоҳотлар шиддати сенаторлар зиммасига катта масъ­улият юклаши билан бирга, жойларда аҳоли билан кўпроқ мулоқотда бўлишни талаб этмоқда. Сайловчилар билан учрашиш мақсадида Қизилтепа, Конимех туманлари ва Ғозғонга борганимда аҳолини қийнаётган кўплаб муаммолар ҳали ўз ечимини кутиб турганига гувоҳи бўляпман. Хусусан, Қизилтепа туманидаги Ҳасанча, Қалаи Азизон, Оқработ, Маликобод, Бободўғ, Сарой, Ғамхўр, Хўжақўрғон, Ўртақўрғон ва Узилишкент аҳолиси билан учрашувлар чоғи маҳаллий кенгаш депутатлари билан бир қатор масалаларни жойида ечишга келишиб олинди. Қизилтепа, Нурота ва Конимех туманларидаги етти нафар кам таъминланган, кўп болали аёллар учун тикув машиналари бепул тарқатилиб, касаначилик асосида ишлаши учун етарли даражада шароитлар яратиб берилди. Олис қишлоқларда жойлашган мактабгача таълим ташкилотларига жажжи фарзандларимиз учун ўқув қуроллари ва мактаб ўқувчиларига бадиий китоблар совға қилинди.

Албатта, юртдошларимиз биз каби тадбиркорлардан ишсизликни камайтириш, ёшларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қиладиган лойиҳаларни кутади. Яқинда Туркияда хизмат сафарида бўлиб, янги лойиҳалар ва ғоялар билан танишиб қайтдик. “Serasan Yapi Teknik” қишлоқ хўжалиги ва инжиниринг иссиқхоналар маркази ҳамда “Varnet Glass Greenhouse Systems” компанияси билан 10 миллион АҚШ долларилик ҳамкорлик битими имзоладик. Яқин келажакда Навоий вилоятида энг замонавий, инновацион усуллар асосида, ресурс тежовчи ва интенсив агротехнологияларни жорий этган ҳолда экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ташкил этилади. Мазкур лойиҳалар орқали агробизнеснинг клас­тер моделини татбиқ этиш ва юртимиз иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшиш кўзланмоқда.

Ўйлайманки, жамиятимизнинг барча қатламлари, жумладан, биз каби тадбиркорлар ҳам келгусидаги фаолиятимизни тўғри ташкил этиб, аниқ мақсадларни кўзлаган ло­йиҳаларни амалга оширсак, Президентимизнинг инсонпарварликка йўғрилган ғояларини амалга ошириб, камбағалликни камайтириш масаласига биргаликда ечим топа оламиз.

Улуғбек ФАЙЗИЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси

  • Кўрилди
    2532
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+