Халқимиз бу синовни ҳам мардона енгади

17.03.2020, 09:53

Халқимиз бу синовни ҳам мардона енгади

Мамлакатимизда коронавирус хасталигининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди. Бундан кўзланган мақсад битта – бутун дунёга жиддий ташвиш олиб келаётган вирусдан одамларимизни асраш, ундан талафотларсиз чиқишдир.

Ҳукумат ва барча тегишли тузилмалар бу йўналишда ўз вазифаларини ишонч билан, масала моҳиятини англаган ҳолда амалга ошираётгани кўриниб турибди. Аввало, муаммо билан шуғулланишни Ўзбекистон раҳбарияти ҳозир эмас, балки анча аввал, бу борада бошқа давлатларда дастлабки маълумотлар пайдо бўлиши биланоқ бошлаб юборди.

Айниқса, Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг ушбу масала юзасидан алоҳида йиғилиш ўтказиб, амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўргангани, қолаверса, бажарилиши лозим бўлган навбатдаги вазифалар кўламини белгилаб берганлиги бу борада жамоатчиликда туғилаётган кўплаб саволларга жавоб бўлган эди.

Шу ўринда мамлакатимиздаги энг кўп аъзоларни бирлаштирган йирик сиёсий партия бўлмиш Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партия­си юзага келган вазиятни ўнглаш борасида қуйидагиларга эътибор қаратади:

биринчидан, мамлакатимиз ҳукумати ва ушбу масалага дахлдор давлат идоралари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат раҳбари ўтказган брифингда тегишли идоралар олдига қўйган вазифаларни сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашлари лозим. Ушбу масалаларга холис муносабати орқали ҳар бир масъул ходим нафақат ўз ишининг қанчалик профессионали эканини, балки ҳақиқий ватанпарварлигини кўрсатиши, бу билан барча юртдошларимизга ўрнак бўлаётганини унутмаслиги зарур.

иккинчидан, масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, юзага келган вазиятдан халқимизни безарар олиб чиқиш кўп жиҳатдан ҳукумат идоралари билан фуқаролик жамиятининг бақамти ишлашига, ҳукумат амалга ошираётган ишларнинг аҳоли томонидан ҳам тўлиқ қўллаб-қувватланишига бевосита боғлиқ.

учинчидан, биз фуқаролик жамияти институтларини, кенг жамоатчилигимизни бугун ҳукумат томонидан коронавируснинг юртимизда тарқалишини олдини олиш борасида белгиланган чора-тадбирларини амалга оширишда яқиндан кўмакчи бўлишга чақирамиз.

тўртинчидан, бундан бу ёғига видеоконфренция форматида ишлаш, вирус тарқалишининг олдини олиш бў­йича зарур чораларни кўриш, фуқаролар ўзини-ўзи изоляция қилиши лозим деб ҳисоблаймиз. Қўл бериб, қучоқлашиб сўрашиш, оммавий тадбирлар бўладиган жойларда камроқ бўлиш, қўлни тез-тез ювиб туриш тавсия этилаётгани ҳам бежиз эмас. Мазкур жараёнда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вирус тарқалишининг оғир оқибатларининг олдини олиш ва бартараф этиш учун зарур жиҳозлар ва аппаратлар билан таъминлаш чораларини зудлик билан кўриши жуда муҳим.

бешинчидан, жойларда комиссиялар тузиб, уларда депутатларнинг иштирокини таъминлаш, айниқса, дорихоналарда ниқоблар нархининг ошиб кетиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ниқобларни текин тарқатишни йўлга қўйиш зарур.

Аввало, эълон қилинган карантин билан боғлиқ айрим чекловларни тўғри тушуниш ҳамда уларни бузмаслик барчамизнинг энг муҳим вазифамиз ҳисобланади. Ваҳоланки, бундай касалликларга қарши туришда қатъиятлилик ва тартиб-интизом жуда катта самара бериши шубҳасиз.

Касаллик ўчоғида бўлган, қолаверса, ушбу касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлган юртдошларимиз ўз вақтида бу ҳақда тегишли тиббиёт муассасасига хабар бериши нафақат унинг ўзига амалий ёрдам берилишини, балки кўплаб бошқа юртдош­ларимизни ҳам ушбу хатарли хавфдан халос этишини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Фуқароларнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари бераётган тавсияларга амал қилишлари хасталикнинг олдини олишда энг самарали усул эканини унутмаслигимиз керак.

Шу кунларда кўзга ташланаётган кўнгилсиз ҳолатлардан бири – айрим нафси ҳакалак отган “тадбиркорлар” томонидан сотилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар нархини оширишга бўлаётган уринишларда ўз ифодасини топмоқдаки, бундай хатти-ҳаракатлар эл бошига ташвиш тушган мураккаб вазиятларда ўз манфаатини устун қўйишдан бошқа нарса эмас. Бу – ҳақиқий тадбиркорнинг иши эмас. Имкониятдан фойдаланиб, ана шундай вазиятларда одамларга чин дилдан ёрдам кўрсатишни ўзининг инсоний бурчи деб билган саховатпеша ишбилармонлар, маслакдош­ларимизга самимий миннатдорлик билдириш баробарида, нафс балосига учраб, нохуш ҳолатларга йўл қўяётганларга инсоф ва диёнат тилаймиз.

Шунингдек, иш берувчи вазирлик, идоралар, корхоналар раҳбарлари, у ерда ишловчи ходимлар чекловчи чора-тадбирларга қатъий амал қилишлари лозим. Бу эса ўзларининг бебаҳо ҳаёти учун муҳим омил эканини яхши анг­лашлари керак. Иситмаси бор ходимлар икки ҳафта давомида уйида карантин шароитида бўлиши ва бу режимни бузмаслиги керак.  Беморлар ҳолидан хабар олиш, кўнгил сўрагани боришни вақтинча тўхтатиб туриш, мақсадга мувофиқдир. Бу борада жойлардаги бирламчи бўғин тиббиёт ходимларини коронавирусга қарши фаоллиги учун рағбатлантириш масаласи кўриб чиқилса, яхши бўларди.

Юзага келган вазиятда барча ОАВ вакилларининг аҳолига зарур маълумотларни ўз вақтида ва объектив тарзда етказишдек муҳим вазифани бажаришга киришгани, шу орқали ўз гражданлик позициясини намоён этаётгани ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлаётганини алоҳида таъкидламоқчимиз.

Буларнинг барчаси бир нарсани яққол кўрсатадики, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси ҳамжиҳат ҳаракат қилиб, ушбу вазиятда ўзига юкланган масъулиятни тўла ҳис қилган ҳолда иш олиб борса, албатта, қисқа вақтда биз бу муаммони бартараф этамиз.

Биз кўп оғир ва масъулиятли синовларни бошидан ўтказиб, уларни мардона енг­ган доно халқимизни ушбу шароитда ҳам энг тўғри йўлдан боришига ишонамиз.

 Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

O‘zLiDeP  фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    467
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+