Сурхондарёда коронавирусни олдини олишга қаратилган ишларнинг ҳолати ўрганилди

19.03.2020, 16:43

Сурхондарёда коронавирусни олдини олишга қаратилган ишларнинг ҳолати ўрганилди

Бугунги кунда мамлакатимизда коронавируснинг олдини олиш, айниқса, ушбу вирус таъсиридан аҳолимизни муҳофаза қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Эътиборлиси, ҳар бир ҳудудда ҳокимлар раҳбарлигида махсус штаблар ташкил этилиб, ушбу касалликни кенг тарқалиб кетмаслиги учун тезкор чоралар кўрилаётир.

Хусусан, турли оммавий тадбирлар, сайллар, ўйинлар бекор қилиниб, тиббиёт муассасалари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди.

Куни кеча давлатимиз раҳбари маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг аввалида коронавирус муаммосига алоҳида тўхталиб, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқлигини, мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Демак, ваҳима кўтаришга ҳеч бир асос йўқ. Масала шахсан Президентимиз назоратида турибди. Энди касалликни кенг тарқалмаслиги ва олдини олиш бўйича депутатларимиз томонидан ҳам аҳоли орасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилиши зарур.

Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов жойларда коронавируснинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида Сурхондарё вилоятига борди.

Халқ вакили вилоятдаги учрашувлари давомида ҳудуддаги бозорлар, супермаркетлар, савдо дўконлари ва дорихоналарда маҳсулотларнинг сунъий тақчиллигига, нархларнинг оширилишининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Шунингдек, вилоятнинг Ангор ва Термиз туманларида бўлиб, ҳудудда коронавирусга қарши кураш, тиббиёт ходимларининг шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, жойларда оммавий тадбирлар (тўй, маърака ва бошқа йиғинлар)нинг ўтказилишини олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.

— Бугунги кунда мамлакатимизда озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Шу билан бирга жойларда коронавирус инфекциясига қарши профилактик чоралар кўриш, аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб бориш, савдо дўконларида озиқ-овқат маҳсулотларининг мунтазам бўлишини таъминлаш борасида барча зарур ишлар амалга оширилмоқда, — дейди А.Ҳаитов. –Шундай экан, халқимиз саломатлиги учун кўрилаётган ушбу зарурий тадбирларни тўғри тушуниб, бу борадаги амалий ишларда фаоллик кўрсатайлик!

Спикер ўринбосари А.Хаитов вилоятдаги учрашувлари давомида аҳолини томорқадан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиб, бу борада аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш чораларини ҳам кўрди. Ангор ва Термиз туманларида ишсиз фуқаролар учун ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативларидаги мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларнинг ижобий ечимлари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ана шундай кооперативлардан бири Ангор туманидаги “Илғор” маҳалласи ҳудудида фойдаланилмай, қаровсиз ётган 91,4 гектар ер майдонда ташкил этилган. Бунинг учун “Grand green gluster tomorqa xizmati” МЧЖ ташкил этилиб, дастлаб ер майдони жамият тасарруфига берилди. 15 гектар тайёр майдон “Сурхон Ангор фрутс қишлоқ хўжалиги” ишлаб чиқариш кооперативига ўтказилди. 10 гектар бўш ер аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан “Илғор” ва “Баҳор” маҳаллаларидан танлаб олинган оилаларнинг 50 нафар кам таъминланган ва ишсиз фуқаролари ҳамда ёшларга 20 сотихдан бириктирилган. Уларга мазкур майдонда маҳсулот етиштириб, даромад олиш ҳуқуқини берадиган сертификат ҳам топширилган. Шу асосда юздан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган.

Халқ вакили “Илғор” маҳалласидаги мазкур кооперативда ҳамда хонадонларда бўлиб, томорқаларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўздан кечирди.

Термиз тумани “Намуна” маҳалласида яшовчи Музаффар Холбоев хонадонида 15 сотих майдонда иссиқхона ташкил этган. Айни пайтда иссиқхонада помидор ва бодринг экилган бўлиб, бодринглар ҳосилга кириб қолган.

Учрашувлар чоғида халқ ноиби иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотларни кўздан кечирди, тадбиркор билан суҳбатлашди, уни қийнаётган муаммоларни ўрганди. Мулоқотлар чоғида хонадон эгаси фаолиятини янада кенгайтиришини айтиб, тижорат банкидан имтиёзли кредит олишда ёрдам сўради. Бу масала cпикер ўринбосари томонидан назоратга олиниб, жойида ҳал этишга кўмаклашилди.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    275
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+