Ҳаётимизда катта аҳамиятга эга ҳужжат

20.03.2020, 16:47

Ҳаётимизда катта аҳамиятга эга ҳужжат

Куни кеча Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон коронавирусни тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган муҳим ҳужжат саналади.

Фармоннинг энг муҳим жиҳати шуки, у билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, 10 трлн сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди.

Жамғарма маблағлари коронавируснинг тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштириш, тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш каби асосий йўналишларда фойдаланиш белгилаб берилди.

Шунингдек, мазкур ҳужжатда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган республика ҳудудларидаги сув таъминоти ва канализация объектлари учун – 500 млрд сўм, ирригация ва мелиорация объектлари учун – 400 млрд сўм қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашни назарда тутувчи 2020 йилга қўшимча инфратузилма лойиҳалари рўйхатини шакллантириш ҳам белгилаб берилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш механизмларини тубдан ислоҳ қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётган бир вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари фармонда назарга тутилган маблағларни тўғри йўналтирилиши ва уни ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириши лозим бўлади.

Бу эса, бугунги коронавирус инфекцияси тарқалган бир даврда мамлакатда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқаришини олдини олишда, ишлаб чиқариш занжирларининг издан чиқишини бартараф этиш, ишчи ўринларни камаймаслиги, солиқ тушумларини бир маромда амалга оширилиши асосийси, озиқ-овқат хавфсизлигини таъмилашда муҳим аҳамият касб этади.

Равшан МАМУТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

аграр ва сув хўжалиги масалалари

қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    510
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+