Давлат ўзини эмас, тадбиркорни аяди

21.03.2020, 11:28

Давлат ўзини эмас, тадбиркорни аяди

Иқтисодий интеграция шу даражада кучайди-ки, сайёрамизнинг бир чеккасидаги иқтисодий ўзгариш ер шарининг бошқа нуқтасида “бўй кўрсатмоқда”. Одамлар бундан 3 ой олдин Хитойда бошланган вирусга соғлиқни сақлаш тизими, нари борса, Хитойнинг муаммоси деб қараган эди. Вирус дунё иқтисодиётига қақшатқич зарба бериши эса кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмаганди. Коронавируснинг иқтисодий зиёнлари кучайгани сайин ҳукуматлар маҳаллий корхоналарга, ишлаб чиқариш субъектларига имтиёзлар бера бошлади.

Яқинда Юртбошимиз томонидан қабул қилинган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз тадбиркорларига кўрсатилаётган ғамхўрликдир. Фармонга биноан, пандемия оқибатларини юмшатишга қаратилган Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, давлат бюджетидан 10 трлн сўм ажратилади. Бюджетдан ажратилган маблағ электоратимиз вакилларининг пандемиядан кўраётган зарарларини камайтиришга хизмат қилади.

Хусусан, пандемия сабабли фаолиятини тўхтатган тадбиркорларга банклар орқали фоизсиз бюджет ссудалари ажратилади. Ҳокимларга иқтисодий қийинчиликка дуч келган корхоналардан маҳаллий солиқларни ундиришни 6 ойгача кечиктириш ваколати берилади. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, фермерларнинг сув солиғи 50 фоизга камайтирилади. Маҳаллий бюджетдаги йўқотишлар мамлакат бюджетидан қоплаб берилади.

Фармонда белгиланган яна бир меъёр электоратимиз вакиллари учун айни муддао. Йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинади ва қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилади. Бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмайди.

Фармонга мувофиқ, Коронавирус таъсири энг юқори бўлган иқтисодиёт тармоқларига солиқ таътиллари ва кредит қарзлари бўйича имтиёзлар бериш, бюджет ссудалари ажратиш юзасидан вазифалар белгиланган. Жумладан, меҳмонхона бизнесида 90 миллиард сўмлик, транспорт-логистика соҳасида 650 миллиард сўмлик, умумий овқатланиш муассасаларида 180 миллиард сўмлик, ташқи савдо корхоналарида 3,6 триллион сўмлик кредитларни қайтариш имконияти пасаймоқда. Шу боис Марказий банкка ушбу корхоналарнинг кредит муддатларини узайтириш бўйича кўрсатма берилди

Иқтисодий фаоллик пасайган пайтда аҳоли бандлиги масаласи алоҳида эътибор талаб этади. Шу боис Инқирозга қарши жамғармадан Жамоат ишлари жамғармасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Ушбу маблағлар одамларни иш билан таъминлаш, бунинг учун маҳаллаларда қўшимча инфратузилма объектлари қуришга йўналтирилади. Шунингдек, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 500 миллиард сўм қўшимча маблағ берилиб, иш ўринлари яратадиган бизнес субъектларга кўмаклашилади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг юқоридаги фармони мамлакатимизда тадбиркорлар ва фуқаролар манфаатлари олий даражада муҳофаза қилинишини яна бир карра исботлади. Давлат энг оғир вазиятда ҳам ўзини эмас, тадбиркорни аямоқда. Шундай экан тадбиркорлар ҳам ана шу ғамхўрликни ҳис этишлари, ишончни суистеъмол қилмасликлари керак.

Актам ХАИТОВ,

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси, партиянинг

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    341
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+