Депутатлар Жиззахда коронавирус хасталигининг олдини олишга қаратилган ишлар ҳолатини ўрганди

25.03.2020, 10:23

Депутатлар Жиззахда коронавирус хасталигининг олдини олишга қаратилган ишлар ҳолатини ўрганди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишда коронавирус тарқалашининг олдини олиш, шифохоналарни дори, ҳимоя ва диагностика воситалари билан таъминлаш, карантин харажатларини ўз вақтида молиялаштириш зарурлиги таъкидланди.

Юртимизда коронавирусга қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилгани қайд этилиб, касалланганларни ўз вақтида аниқлаш ва профилактикага эътиборни кучайтириш, бунинг учун барча ҳудудий юқумли касалликлар шифохоналарини экспресс-тестлар билан таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Шундан келиб чиқиб, бугун мамлакатимизда коронавируснинг олдини олиш, ушбу вирус таъсиридан аҳолини муҳофаза қилишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ушбу масала шахсан Президентимиз назоратида турибди. Демак, энди карантин вақтида ваҳима кўтармаслик, вирусдан сақланиш қоидаларига қатъий риоя қилиш энг тўғри йўл бўлади.

Хўш, бугунги кунда жойларда коронавирус инфекциясига қарши курашиш, савдо дўконларида озиқ-овқат маҳсулотларининг мунтазам бўлишини таъминлаш, тиббиёт масканларини дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан таъминлаш борасида қандай чоралар кўрилмоқда? Ҳудудларда махсус штаблар ташкил этилиб, тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилганми?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ аъзолари Жиззах вилоятидаги учрашувлари доирасида айни шу саволларга жавоб излади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси раҳбари ва партия вакиллари дастлаб Мирзачўл туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиникасида бўлиб, бу ерда коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ишчи гуруҳ аъзолари поликлиникадаги шароитларни кўздан кечирар экан, муассасани дори, ҳимоя ва диагностика воситалари билан таъминланганлик даражасини ўрганди, шифокорлар билан суҳбатлашиб, муаммолари билан қизиқди.

Мазкур тиббиёт муассасасида мамлакатимизда намунали кўп тармоқли марказий поликлиника сифатида иш бошлаган. Замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган поликлиникада жарроҳ, педиатр, УТТ шифокори, стоматолог, терапевт, ЛОР, офтальмолог, травматолог, невропатолог, психиатр каби мутахассислар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

Суҳбат ва мулоқотлар давомида халқ ноиблари шифокорлар ҳамда  беморлар учун янада қулай шароитлар яратиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берди.

Мазкур учрашувлар доирасида депутатлар ва партия вакиллари “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси” МЧЖда ҳам бўлишди. Айтиш жоиз, айни пайтда ушбу корхонада кийим-кечак маҳсулотлари ўрнига тиббиёт ниқоби тайёрлаб, дорихона ва бозорларга арзон нархларда етказиб бермоқда.

Халқ ноиблари корхона раҳбари ва ишчи-ходимлар билан суҳбатлашиб, жорий йил 19 март куни Президентимиз раислигида коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ҳақида маълумотлар берди.  

Мамлакатимизда 98 фоиз озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилган. Деярли барча хом ашё юртимизда етиштирилади. Демак, озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлайди ёки тақчиллик бўлиши мумкин, деган хавотирга асло ўрин йўқ.

Депутатлар ва O‘zLiDeP вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ шу куни Дўстлик тумани “Олмазор” маҳалласида яшовчи Х.Хазратқулов ва  С.Исмоиловлар хонадонида бўлиб, у ерда етиштирилаётган маҳсулотларни кўздан кечирди.  

Маълум бўлишича, тадбиркор Х.Хазратқулов 35 сотих ер майдонининг 18 сотихига саримсоқ пиёз, 17 сотихига эса Голландиядан келтирилган “Оловуддин” номли картошка навини етиштирмоқда. С.Исмоиловлар 20 сотих майдонда 84 туп кеч пишар олма навлари етиштириб, улар орасига эрта пишар картошка эккан.

Суҳбат ва мулоқотлар чоғида депутатлар тадбиркорларга давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятини етказди.

Мазкур ҳужжат билан коронавирус таъсири энг юқори бўлган иқтисодиёт тармоқларига солиқ таътиллари ва кредит қарзлари бўйича имтиёзлар бериш, бюджет ссудалари ажратиш юзасидан вазифалар белгилангани, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, фермерларнинг сув солиғи 50 фоизга камайтирилишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари “Боғзор” ҚФЙда жойлашган “Дўстлик барака чеварлари” тикувчилик корхонасида ҳам бўлдилар.

  • Кўрилди
    1344
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Шохрух2020-03-25 10:43:11

Бундай ишларни янада кўпайтириб ахоли ўртасида тушунтириш ишларини жонлантириш зарур.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+