Урганч шаҳрида тиббий ниқоблар захираси етарлими?

23.03.2020, 10:27

Урганч шаҳрида тиббий ниқоблар  захираси  етарлими?

Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш, ушбу касалликни кенг тарқалиб кетмаслиги учун тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам қабул қилинди.

Шунингдек, жорий йил 19 март куни Президентимиз раислигида коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда коронавирус тарқалашининг олдини олиш, шифохоналарни дори, ҳимоя ва диагностика воситалари билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Шундай экан, ортиқча ваҳима-хавотирларга берилишга ҳеч қандай асос йўқ. Боиси, юртимиздаги тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилиб, сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Энди фақат бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда курашишимиз лозим бўлади.

Маълумли, жорий йилнинг 23 март кунидан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга “огоҳлантириш” берилиши, 25 мартдан бошлаб эса ушбу ҳолат қайд этилса — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилиши ҳақида ОАВ орқали хабар берилган эди. Албатта, бу чоралар давлатимиз томонидан аҳоли саломатлиги ва ҳавфсизлигини таъминлашдаги муҳим қадамлардан биридир.

Аммо шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, бугун фуқароларимиз мазкур талабни бажариш учун етарли даражада тиббий ниқоблар билан таъминланганми? Юртимизда тиббий ниқоблар ишлаб чиқарилиш даражаси талабни қондира оляптими?

Албатта йўқ. Чунки Урганч шаҳридаги дорихоналарни ўрганишимиз чоғида барча дорихоналарда нарх-наво бир хил эмаслиги, аксарият дорихоналарда тиббиёт ниқоблари йўқлиги аён бўлди.

Мутахассисларнинг айтишича, тиббиёт ниқобини ҳар икки соатда алмаштириш керак. Бир кунда бир кишига 8-10та маска керак бўляпти. Энди бугунги кунда Хоразм вилоятида 1 млн 866 минг 700 нафар аҳоли истиқомат қилишини инобатга олсак, ўз-ўзидан ҳудудда тиббий ниқобга эҳтиёҳ борлиги аён бўлади. Шу боис, ушбу муаммога ечим топиш учун Хоразм вилоятида коронавирусга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган махсус штабга бордик. Масъулларга жойлардаги ҳақиқий аҳвол ҳақида маълумотлар бердик. Ниқоб ишлаб чиқарилиши ва арзон нархларда аҳолига етказиб берилишида ким масъул экани билан қизиқдик. Аммо мутасаддилар саволимизга тайинли жавоб бера олмади.

Шу ўринда айтиш жоизки, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 20 мартдаги 114-сон “Тиббий буюмлар рўйхатига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди. Унга кўра, эндиликда тиббиёт ниқобини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ҳамда уни реализация қилиш учун лицензия талаб этилмайди. Демак, энди ташаббускор тадбиркорларни жалб этган ҳолда, ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш, ниқобларни фақат дорихоналарда эмас, балки барча савдо шоҳобчаларида сотилишини йўлга қўйиш зарур. Фақат шу билан муаммони бартараф этиш мумкин.

                                                                Абдулла РЎЗМЕТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

                                                                палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    801
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+