Ўзини ўзи изоляция қилиш – профилактиканинг асосий шарти

27.03.2020, 10:11

Ўзини ўзи изоляция қилиш – профилактиканинг асосий шарти

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг бошида коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халққа мурожаат қилиб, – Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади, деган эди. Бу мурожаат халқимизни янада бирдамликка ва жипслашишга чақирди.

Бугунги вазият олдиндан тўғри баҳоланиб, Президентимиз топшириғига мувофиқ Республика махсус комиссияси тузилди ва барча тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, профилактик ишлар кучайтирилди.

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар оммага очиқ-ошкора тарзда етказилмоқда, бу эса халқимизни саросимага тушмасдан, хотиржамликни сақлашга ундамоқда.  

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ўз вақтида қабул қилинган муҳим ҳужжат бўлди.   

Аҳамиятлиси, мазкур ҳужжат 29 банддан иборат бўлиб, унда глобал иқтисодиёт тизимида Ўзбекистоннинг ўрни ва аҳамияти, макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолисининг даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш юзасидан аниқ, мақсадли, тизимли чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Фармонга асосан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда 10 трлн. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма маблағлари коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш, тадбиркорликни ва аҳолини бандлигини қўллаб-қувватлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш каби масалалар ечимига йўналтирилади.

Айниқса, биз депутатларни ҳам қийнаб турган муаммо, ҳудудлардаги айрим тиббиёт муассасаларида зарур тиббий жиҳозларнинг етишмаслиги, тиббиёт ходимларининг моддий таъминоти масалалари, оддийгина дезинфекция учун ишлатиладиган воситаларнинг етарли эмаслиги ҳавотирга солаётган эди. Президентимизнинг мазкур Фармонига кўра айнан ушбу муаммолар ўз ечимини топадиган бўлди. Жамғарма маблағлари ҳисобига даволаш ва бошқа муассасаларни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун зарур бўладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимлари билан таъминлаш, хавф-хатар остида бўлган ёки вирус юқтирганлар билан мулоқотда бўлган шахсларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, республика санитария-эпидемиология хизмати томонидан ҳимоя чораларини амалга ошириш харажатлари учун қўшимча маблағлар ажратиш, юқумли касалликларни аниқлаш, профилактика қилиш ва даволаш бўйича тадбирларга жалб этилган даволаш ва бошқа муассасаларни қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш режалаштирилганлиги аҳамиятлидир.

Президент Фармонига кўра Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, жумладан, кичик саноат зоналарига муҳандислик коммуникацияларини ўтказиш учун имкониятларни тақдим этувчи янада устувор бўлган инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга маблағларни қайта йўналтирган ҳолда Инвестиция дастурини қайта кўриб чиқиш вазифаси юклатилди. 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтириладиган бўлди.

2020 йил 1 октябргача бўлган даврда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилади, солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туради, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўрмайдиган бўлди.

Бугунги кунда карантин ўрнатилган даврда коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланиши йўлга қўйилди.

Фармонга кўра эндиликда 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш ишлари тўхтатилди.

Эътибор берадиган бўлсак, бугунги вазиятни тўлиқ ўрганган ҳолда, коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича барча имкониятлар ишга солинган.

Юртимизда эпидемияга қарши тадбирлар изчил олиб борилмоқда. Давлат санитар-эпидемиологик назорат инспекцияси раҳбари Н.Отабековнинг берган маълумотига кўра республикамизда коронавирус (COVID-19) билан касалланганлар сони 26 март ҳолатига 65 нафарга етган, уларнинг 15 нафарида зотилжам ташхисланган, 4 нафар беморнинг ҳолати оғирлигича қолмоқда, шунингдек 20 000 дан зиёд фуқаролар карантинга олинган. Барча беморлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра белгиланган стандартлар асосида даволанмоқдалар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра коронавирус (COVID-19) дунёнинг 172 та давлатида қайд этилди. Бу инфекцияни юқтирганлар сони айниқса Европа давлатлари орасида кун сайин, хаттоки соат сайин ошиб бормоқда, инфекция юқтирганларнинг ичида ўлим ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Бу маълумотлардан кўриниб турибдики, бугун ҳамма ўзини ўзи ушбу инфекцияни юқтириб олишдан ҳимояланиши керак ва ўз саломатлигига бўлган эътиборни, масъулиятни кучайтириши зарур.

Мамлакатимизда шахсан Давлат раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан зарурий чора-тадбирлар олиб борилмоқда, қолган профилактик ишларнинг аксарияти ўзимизга боғлиқ. Куни кеча парламент томонидан қабул қилинган қонунга кўра карантин талабларини бузганлик учун жавобгарлик масалалари кучайтирилди. Шу ўринда бир маълумот, Ички ишлар вазирлигининг ахборот хизмати хабарига кўра карантин қоидаларига амал қилмагани учун жами 64 киши маъмурий жавобгарликка, шунингдек уч киши карантин қоидаларига риоя қилмагани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

 Қадрли юртдошлар, азиз партиядошлар!

 Келинглар, ўзимизни, яқинларимизни коронавирус инфекциясидан асрайлик. Ҳар бир инсон ўзини ўзи изоляция қилсин. Тиббиёт ходимлари томонидан тавсия этилаётган барча профилактик чораларга, шунингдек  карантин қоидаларига риоя қилайлик. Ишонаманки, Ўзбекистон коронавирусни албатта енгади!

Мавлудахон Хўжаева

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий

масалалар қўмитаси раиси, O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    969
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+