ТОЗАЛИК ВА ТАРТИБ

27.03.2020, 19:30

ТОЗАЛИК ВА ТАРТИБ

коронавирусни енгишнинг икки шарти

Айни пайтда бутун дунё оғир кунларни бошидан кечирмоқда. Жаҳон ҳамжамияти ягона мақсад йўлида бирлашиб, коронавирусни енгишга ҳаракат қилмоқда. Мамлакатимизда ҳам Президентимиз бошчилигида чиқарилган тўғри ва тезкор қарорлар пандемиянинг салбий таъсирини камайтириш, халқимиз орасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этяпти. Бу эса юртдошларимизга куч ва ишонч бермоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида куни кеча, 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Муҳим қонун ва қарорлар қабул қилинди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ нодавлат тиббиёт ташкилотларига коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга, истисно тариқасида, 2020 йил 1 сентябрга қадар тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилди. Бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан шартнома тузиш талаб этилади. Нодавлат тиббиёт ташкилотлари танлов (тендер) ўтказилмасдан аниқланади. Харажатлар Инқирозга қарши кураш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Жараёнга хусусий тиббиёт бирлашмаларининг жалб этилиши касалликка қарши курашиш қамровини кенгайтиради. O‘zLiDeP ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайди ҳамда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда хусусий секторнинг ролини янада кучайтиришни давр талаби деб ҳисоблайди.

Жорий йилнинг 26 март куни Президентимиз раислигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгилаб берилди. Жумладан, эндиликда 300 мингта экспресс-тест ва 500 та сунъий нафас олдириш аппарати харид қилиниб, хавф юқори бўлган аҳоли пунктларида кўчма лабораториялар ташкил этилади. Шунингдек, тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқариш кунига 5 миллион донага етказилиб, давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар ўз ходимларининг камида 50 фоизини ҳақ тўланадиган таътилга чиқаради, қолганлари эса масофадан ишлашга ўтказилади. Энг муҳими, 1 октябрга қадар тадбиркорларнинг фойдаланилмаётган объектларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилмайди, 1 ноябрга қадар коронавирус пандемияси туфайли молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган корхоналар банкрот деб эълон қилинмайди. Бундан ташқари,
карантин муддати давомида тадбиркорлик субъектлари фойдаланаётган 3 минг 600 дан ортиқ давлат мулки объектлари бўйича ижара ҳақларини ундириш тўхтатилиб, барча лойиҳалар доирасида инвестициявий мажбуриятларни бажариш муддатлари 6 ойга узайтирилади. Аҳамиятлиси, карантин даврида тадбиркорларнинг ҳисоб рақамини тўхтатиб қўйиш тақиқланади. Аҳолига товарларни етказиб бериш ҳамда ташиш хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талаби вақтинчалик бекор қилинди.

Куни кеча қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баробаригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Cанитарияга оид қонун ҳужжатлари ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади. Агар карантин қоидаларини бузиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилишга олиб келиши мумкин.

Жаҳон қонунчилик тажрибасида бу борада қандай чоралар назарда тутилган? Маълумотларга қараганда, коронавирус хуружи ниҳоятда кескин тус олган Италияда карантин тартибига амал қилмайдиган фуқароларга беш йилгача қамоқ жазоси тайинланган. Мамлакат ҳукуматининг алоҳида фармонига кўра, ўзининг касалланганини била туриб, вирус тарқатиб юрган шахслар учун кўзда тутилган уч ойлик қамоқ жазоси 5 йилгача узайтирилди. Шунингдек, карантин тартибларини бузганларга жарима миқдори ҳам оширилган (400 дан 3000 еврогача).  АҚШ қонунчилигига кўра, карантин қоидаларини бузиш 1000 АҚШ долларигача жарима солишга сабаб бўлади ёки бир йилдан кўп бўлмаган озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Жаҳоннинг аксар мамлакатлари карантин қоидаларини тобора кескинлаштирмоқда. Сабаби оддий. Мақсад – касалликни тезроқ бартараф этиш, инсонлар саломатлигини сақлаш. Хитой айнан қатъий қарорлар орқали коронавирусни енгиб ўтишга муваффақ бўлмоқда.

Кимки касалликка панжа орасидан қараса, бу жуда қимматга тушиши аниқ. Маълумотларга қараганда, Францияда шундай ҳолат кузатилмоқда. Ушбу мамлакатда карантин қоидаларини бузувчилар кескин кўпайиб кетган. Тиббиётчиларнинг фикрича, бунга сабаб санкцияларнинг кучсизлигидир. Аввалига 35 еврони бўлган жарима миқдори ҳозирда 135 еврога кўтарилган. Агар вазият шу зайл давом этса, аҳолининг муносабати ўзгармаса, ҳукумат жарима миқдорини яна ошириши мумкинлиги айтилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, барчамиз коронавирусни даф этиш йўлида ҳукуматимиз атрофида янада жипслашиб, карантин қоидаларига ҳамда шифокорлар тавсиясига амал қилишимиз лозим. Ушбу синовли кунларда фақат ва фақат тозалик ва тартибга қатъий риоя этиб, касаллик устидан ғолиб чиқишимиз мумкинлигини бир сония бўлса-да унутмайлик.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси, партиянинг

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1039
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+