Самарқандда тадбиркор ва фермерларни қўллаб-қувватлаш бўйича қандай чоралар кўриляпти?

27.03.2020, 22:26

Самарқандда тадбиркор ва фермерларни қўллаб-қувватлаш бўйича қандай чоралар кўриляпти?

Бугун коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир этмоқда. Шу боис мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Эътиборли томони, охирги 10 кун ичида Президентимиз раислигида ушбу масала юзасидан йиғилишлар ўтказилиб, давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётимизда катта аҳамиятга эга бўлган тўғри ва тезкор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Куни кеча Президентимиз раислигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам 1 октябрга қадар тадбиркорларнинг фойдаланилмаётган объектларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилмаслиги, 1 ноябрга қадар коронавирус пандемияси туфайли молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган корхоналар банкрот деб эълон қилинмаслиги таъкидланди. Шунингдек, карантин муддати давомида тадбиркорлик субъектлари фойдаланаётган 3 минг 600 дан ортиқ давлат мулки объектлари бўйича ижара ҳақларини ундириш тўхтатилиши қайд этилди. 

Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, бугун жойларда халқимизни бу офатдан асраш, бундай пайтда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, айниқса, тадбиркор ва фермерларни қўллаб-қувватлаш борасида қандай чоралар кўриляпти? Президентимиз томонидан сўнгги 10 кунда ичида қабул қилинган фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти тадбиркор ва фермерларга тушунтириляпти?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ аъзолари Самарқанд вилоятидаги учрашувлари доирасида тадбиркор, фермер ва томорқачиларнинг муаммоларини ўрганиш баробарида, уларга мазкур ҳужжатларнинг аҳамиятини ҳам тушунтирди.

Самарқанд туманидаги “AZAM AZAMAT AGRO” фермер хўжалигида турли маҳсулотлар етиштирилиб, нафақат ички бозорга балки хорижга ҳам экспор қилинмоқда. Айни пайтда хўжаликнинг 1200 тоннали совуткичли омборхонаси, 25 та юк ташиш машинаси бор. 2019  йилда Россия давлатига 600 минг долларлик мева-сабзавот экспорт қилган. Шунингдек, бу ерда 300 бошли наслли чорва моллари ҳам парваришланмоқда.

Халқ вакиллари дастлаб мазкур фермер хўжалигида бўлиб, хўжалик фаолияти билан танишди ва ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди.

Мулоқотлар давомида Президентимиз раислигида 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураршишни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишида белгиланган вазифалар ҳақида маълумотлар берилди.  Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари моҳияти тушунтирилди. Ўз навбатида, фермер хўжалиги раҳбари келгусида фаолиятини кенгайтириб, сутни қайта ишлаш цехини қуришини айтди. Аҳоли хонадонларида фьючерс шартномалари асосида сабзавотларни етиштиришни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш таклифи тайёрланди. Бу лойиҳа Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қўллаб-қувватланади.

Шу куни депутатлар ва O‘zLiDeP вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳридаги “ЭКОПЛАНЕТ” МЧЖ корхонасида ҳам бўлиб, у ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кўздан кечирди.  

Учрашувда тадбиркорларга Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони моҳияти ҳақида маълумотлар берилди.

– Мазкур фармон моҳияти жиҳатдан глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатишга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир. Нега деганда, ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг минимал базавий суммаси (223 минг сўм) 50 фоизгача камайтирилди. Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига фаолияти тўғридан-тўғри ёки билвосита туризм соҳасига боғлиқ бўлган 3 минг 167 якка тартибдаги тадбиркор учун даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдорини 30 фоизга камайтириш тавсия этилди. Бунинг натижасида тадбиркорлар ҳисобида 2,3 миллиард сўм қолади. Шундай экан, биз бор имкониятлардан фойдаланиб коронавирусга курашишда Президентга қанот бўлишимиз керак, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов.

Халқ ноиблари мазкур учрашувлар доирасида Самарқанд шаҳридаги “ДАКА” хорижий корхонасида ҳам бўлиб, тадбиркорлар билан мулоқот қилди, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганди.

Корхонада 500 нафарга яқин ходимлар иш билан таъминланган бўлиб, 100 турдан ортиқ трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаради ва хорижга экспорт қилади.

Мамлакатимизга пандемиянинг кириб келиши билан ушбу тадбиркорлик субъетида ҳам кунига 6000 дона трикотаж матодан кўп марта ишлатиладиган ниқоблар тикиш йўлга қўйилди.

Учрашувда корхона раҳбари Рустам Қаршибоев пандемия сабаб буюртмачи давлатларда юзага келган иқтисодий инқироз туфайли олдиндан тўланадиган пулларни ўз вақтида тўлаб бера олмаётгани асосий муаммо сифатида эътироф этар экан, айланма маблағ зарурлигини таъкидлади. Бу борада партиядан кўмак сўради.

Суҳбат ва мулоқотлар чоғида депутатлар тадбиркорларга давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини етказди, унда белгиланган имтиёзлар ҳақида тушунчалар берди.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1331
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+