Барно Мирзамова: “Мамлакатимизда озиқ-овқат танқислиги юзага келмайди”

28.03.2020, 15:54

Барно Мирзамова: “Мамлакатимизда озиқ-овқат танқислиги юзага келмайди”

Шу кунларда дунё аҳли фақат бир мавзуни тилга олмоқда. Коронавирус пандемияси. Мамлакатимизда ҳам бу касалликка қарши тўғри ва тезкор чора-тадбирлар кўрилаяпти. Муҳими халқимиз ҳукуматимиз атрофида янада жипслашиб, касалликни биргаликда, ҳамжиҳатликда енгишга интилаяпти. Энг муҳими ҳам шу аслида.   

Ана шундай мураккаб шароитда халқимиз орасида озиқ-овқат нархларининг ошиб кетиши ёки бўлмаса уни етишмовилиги кузатилиши билан боғлиқ асоссиз маълумотлар ҳамон учраб турибди. Бевосита халқ билан ишлаганимиз туфайли бундай фикрларни айрим юртдошларимиздан эшитаяпмиз, албатта.

Ушбу фикрларга ҳеч қанақасига қўшилиб бўлмайди. Негаки, такрор ва такрор бўлсада айтиб ўтиш жоиз, мамлакатимизда 98 фоиз озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилган. Деярли барча ҳом ашё юртимизда етиштирилади. Четдан фақат какао ва қаҳва донлари, цитрус мевалар каби маҳсулотлар импорт қилинади. Шундай экан, озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлайди ёки тақчиллик бўлиши мумкин, деган ҳавотирга асло ўрин йўқ.

Қолаверса, юртимизда кейинги 3 йилда озиқ-овқат хавфсизлигини, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳалардан бири қишлоқ хўжалиги ривожига мутлақо янгича ёндашувлар жорий  килинаяпти. Соҳани замон талаблари, стратегик ёндашувлар асосида тараққий эттириш чоралари кўрилаяпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. Олий Мажлисга Мурожаатномада барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам аниқ йўналишлар кўрсатиб ўтилган.

2025 йилгача мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 100 миллиард доллар, йиллик экспортни 30 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бу кўрсаткичларга эришиш учун қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам жуда катта резерв ва имкониятлар мавжуд, албатта. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.

Бизда озиқ-овқат танқислиги юзага келмаслигининг яна бир сабаби шундаки, халқимиз ҳар бир қарич ердан, ўз томорқасидан азал-азалдан унумли фойдаланиб келган. Бугун ҳам шу анъана давом этаяпти. Қолаверса давлат томонидан ҳам  ахолига бу борада кўмак берилаяпти. Хусусан, «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури доирасида тақдим этиб келинаётган имтиёз ва имкониятлар туфайли кўплаб юртдошларимиз кичик булсада ўз бизнесини йўлга қўйган. Бугун уларнинг сафи ортса ортаяптики, асло камаяётгани йўқ. Дастур доирасида деҳқончилик қиламан, чорва боқаман, деганга тижорат банклари кредит бериб келмоқда. Тижорат банклари ва бошқа давлат идоралари керак бўлса уйма-уй юриб, аҳолига бизнес бошлаш учун дастлабки тушунча ва амалий ёрдам кўрсатишмокда. Бу борада депутатлар ҳам четда тургани йўқ албатта. Ҳар ойда сайловчилар билан бўладиган учрашувларда нафақат уларнинг муаммосини ўрганаяпмиз, балки, уйда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун тегишли тавсияларимизни бериб келаяпмиз. Энг муҳими, одамларимизда ҳам шунга яраша интилиш юқори.

Ана шундан келиб чиқиб ишонч билан айтиш мумкинки, халқимиз дунёни ташвишга солаётган коронавирус балосини омилкорлик, бирдамлик билан енгиб ўтади. Меҳнаткаш, ишни кўзини биладиган доно халқимиз ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам озиқ-овқат билан боғлиқ ваҳимага берилмайди. Бундан-да  мураккаб, таҳликали вазиятларда ҳам улар ўзини йўқотмаган. Мисол учун иккинчи жахон урушини олайлик. Манбалардан яхши биламизки, бир бурда нонга зор бўлганда ҳам одамларимиз ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва босиқлик каби фазилатларни барча нарсадан устун қўйган. Халқимизнинг ўша пайтдаги мардлиги, тантилиги ҳозиргача бот-бот эсланади ва юксак қадрланади.

Биз ана шундай унутилмас, мураккаб кунларда ҳам ўзлигини йўқотмаган халқ сифатида  ҳозирги вазиятда янада бирдам ва якдил бўлишимиз керак. Озиқ-овқат танқислиги билан боғлиқ хабарлар мутлақо асоссиз эканлигини тушунган ҳолда фақат ва фақат тозалик ва тартиб ҳақида бош қотиришимиз, шифокорлар тавсиясига риоя қилишимиз ва карантин қоидаларига сўзсиз амал қилишимиз шарт. Ушбу талабларга оғишмай амал қилсак, касаллик ортга чекинмасдан бошқа чора тополмайди. Зеро, «Биргаликда биз кучмиз!».

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги Аграр ва сув

хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    936
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Гўзал Темированинг Сайдирахмоновна2020-04-01 22:55:00

Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Одамлар орасида ги суний нархни ошириш масаласига янада жиддийроқ қарашингизни сўраб қоламан. Жумладан Чергели туман дехқон бозорида картошка нархининг оширилиши' картошкани арзонроқ нархда олиш учун 100лаб кишиларнинг навбатда туриш хозирги шароитга тўғри келмайди. Бундай холатларни келтириб чиқариб учун қандай иш олиб бориш керак


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+