Карантин талабларини бузиш – халқимизга, яқинларимизга хиёнатдир

28.03.2020, 15:59

Карантин талабларини бузиш – халқимизга, яқинларимизга хиёнатдир

Инсон учун энг зарур нарса, энг катта бойлик бу – саломатликдир. Чунки соғлик бўлса, бошқа ҳамма нарсани топиш мумкин. Аммо ҳеч бир нарса билан соғликни топиб бўлмайди. Демак, бутун дунё оғир кунларни бошидан кечираётган бир шароитда ҳар биримиз шифокорлар тавсиясига амал қилиб, ўз соғлигимизга эътиборли бўлишимиз лозим. 

Жорий йилнинг 26 март куни Президентимиз раислигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураршишни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгилаб берилди. Жумладан, Соғлиқни сақлаш ва молия вазирликларига 300 мингта экспресс-тест ва 500 та сунъий нафас олдириш аппарати харид қилиш, хавф юқори бўлган аҳоли пунктларида кўчма лабораториялар ташкил этиш вазифаси қўйилди. Айниқса, Ўзбекистонга олиб кирилаётган дори-дармонлар, субстанциялар, тиббий техника ва бошқа зарур товарларни божхона тўловларидан, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳам пандемияга қарши курашишга жалб этилмоқда. Хусусан, шошилинч профилактика ва эпидемияга қарши чоралар кўрилишини талаб қилувчи юқумли касалликлар қаторига киритилган коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга, истисно тариқасида, 2020 йил 1 сентябрга қадар тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилмоқда. Умуман олганда, бугун республикамизда инфекциянинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда касалликни даволашга барча куч ва воситалар сафарбар қилинган. Эндиликда ҳар бир раҳбар, депутатлар ҳам ОАВ орқали фуқароларга мурожаат қилиб, юзага келган вазиятни аҳолига тўғри тушунтириши керак. Боиси вазият шахсан Президент назоратида турибди.

Донишманд халқимиз оиласи, фарзандлари, эл-юрти тинчлиги, соғлиғини ҳамма нарсадан устун қўяди. Агар карантин даврида халқимиз жипслашиб, шифокорлар тавсиясига амал қилса, ҳаётий заруратсиз кўчага чиқмаса, у касалликни, албатта, енгамиз! Карантин талабларини бузиш эса  халқимизга, яқинларимизга хиёнатдир.

Феруза НИГМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    289
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+