Хоразмда O'zLiDeP депутати томонидан “Дезинфекция туннели” ишга туширилди (видео)

30.03.2020, 11:42

Хоразмда O'zLiDeP депутати томонидан “Дезинфекция туннели” ишга туширилди (видео)

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси аъзоси Абдулла Рузметов Урганч шаҳридаги деҳқон бозорининг 2 та асосий дарвозаси олдига шаҳар ҳокими Шухрат Абдуллаев кўмагида иккита туннель ўрнатди. Бу ҳақда депутат ўзининг фейсбукдаги расмий саҳифасида маълум қилди. Қуйида депутат томонидан қолдирилган постни ҳавола этамиз. 

"Айни кунларда коронавирус пандемияси сабаб жойларда карантин эълон қилиниб, инфекция тарқалишига қарши курашишни янада кучайтириш масаласи бугунги куннинг энг долзарб вазифасига айланди.

Бу борада Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 26 март куни видеоселектор йиғилиши ҳам ўтказилди.

Ушбу офатдан халқимизни асраш, пандемияга қарши курашиш ва унинг тарқалишини олдини олишга ўзимнинг оз бўлсада ҳиссамни қўшиш мақсадида 2 та “Дезинфекция туннели”ни яратдим.

Ушбу лойиҳамни амалга ошириш ва уни Урганч шаҳар деҳқон бозорининг 2 та асосий дарвозаси олдига қўйиш мақсадида шаҳар ҳокимлигини лойиҳам билан таништирдим. Албатта мазкур янгиликдан мамнун бўлган Урганч шаҳар ҳокими Шухрат Абдуллаев шу куннинг ўзида дезинфекция туннелини бозорга ўрнатишимда амалий кўмак берди.

Шунингдек, мазкур туннелнинг дезинфекция эритмаси билан доимий таъминлаб боришда Урганч шаҳридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги (СЭС) ходимлари ҳам ўз ҳиссасини қўшадиган бўлдилар.

Бозорга келиб-кетувчилар, барча фуқаролар уйга кетаётганда мазкур туннел ичидан ўтиб, бошдан-оёқ ўзларини дезинфекциялаб кетсалар, нафақат ўз саломатликларини, балки оиласи ва яқинларининг ҳам саломатликларини таъминлаган, жойларда вирус юқиши ва тарқалишини олдини олишда ўз ҳиссасини қўшган бўладилар.

Албатта депутатлар, тадбиркорлар ҳомийлигида бугунги кунда ниқоблар, гигиеник воситалар аҳолига бепул тарқатилмоқда. Мазкур воситаларни фуқаролар бир марта ишлатади ва бу билан барчани бирдек қамраб олиб бўлмайди. Лекин, мазкур лойиҳани бир маҳаллага ўрнатса, шу маҳалланинг юзлаган аҳолиси фойдаланади. Шифохоналарга ўрнатилса, у ерда даволанаётган бемордан тортиб, уйига кетаётган тиббиёт ходимларининг ҳам ҳавфсизлиги таъминланади.

Жойларда ҳар бир ҳудудга кириш учун постлар ташкил қилинган бўлиб, автотранспорт воситалари ҳар куни дезинфекция қилинади, лекин пиёдаларга мана шундай чоралар кўрилмаган. Шу мақсадда ушбу постларда ҳам пиёдалар учун дезинфекция туннелларини тадбиқ қилиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.

Мен, шу ўринда вилоятимизда фаолият олиб бораётган барча тадбиркорларни мана шундай туннеллар қурдириб, ўз корхоналари олдига, катта супермаркетлар олдига, шифохоналарга, банкларга, постларга, Давлат хизматлари марказига, ёқилғи қуйиш шаҳобчалари ёнига, борингки, маҳаллаларимиз олдига қўйилишида қўлдан келганича кўмаклашишларига чорлаган бўлар эдим. Ушбу ҳайрли иш билан эса неча минглаган аҳолимизни вирусдан ҳимоялашга кўмаклашган бўлар эдилар.

Келинг, барча тадбиркор, фермер, ишбилармонлар ва албатта O’zLiDeP депутатлари! “Вирусни уйга олиб кетманг” шиори остида #challenge эълон қилсамда, мазкур лойиҳанинг давом этишида стартни сизга топширсам.

Зеро, бирдамлик ва ташаббускорликни қўлдан бермай, халқимизнинг бу балодан қутулишига, вирусни юртимиздан даф бўлишига ва ҳар диомгидек, гўзал диёримизда тинчлик-ҳотиржамликда ҳаёт кечиришимизга биргаликда ҳаракат қилсак" - дейилади постда. 

  • Кўрилди
    1749
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+