ЕОИИ: оқилона қарор қабул қилинишига ишончимиз комил

30.03.2020, 21:35

ЕОИИ: оқилона қарор қабул қилинишига ишончимиз комил

Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги, шубҳасиз, жуда жиддий масала ҳисобланади. Бу масала Ўзбекистоннинг халқаро геоиқтисодий жараёнларга янада интеграция­лашувида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, мамлакат жамоатчилиги ушбу масалани фаол муҳокама қилмоқда. 

Аввало шуни алйтиш керакки, Евроосиё интеграцияси бизнес вакиллари учун катта имконият. Тасаввур қилинг, бирваракайига 185 миллион аҳолиси бор улкан бозорга ҳеч бир тўсиқ-чегарасиз кира олиш имконияти туғилади. Тўғри, унда муносиб ўринни эгаллаш осон бўлмайди. Юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ўзга юртларда харидорини топиши учун тер тўкишга, ўрни келганда, давлатлар билан ижобий маънода савдолашишга, уларнинг олдига муайян талаблар қўйишга, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишга тўғри келади. Лекин эвазига иқтисодиётда экспорт улушини сезиларли равишда ошириш мумкин бўлади. Бу эса давлат бюджетига қўшимча маблағлар тушишини таъминлайди.

Танганинг ҳам икки томони бўлганидек, бу масаланинг ўзига яраша салбий жиҳатлари борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Тан олиш керак, Евроосиё бозорига йўл очилгач, муайян тармоқлар, масалан, автомобилсозлик, электротехника, қандолатчилик саноати рақобатга дош беролмаслиги мумкин. Лекин қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати каби соҳаларда Ўзбекистоннинг позицияси мустаҳкамланиши эҳтимоли жуда юқори.

Қолаверса, Россия Евроосиё иқтисодий иттифоқини минтақада геосиёсий таъсирини сақлаб қолиш мақсадида тузганлиги, ушбу бирлашма охир-оқибат сиёсий блокка айланиши мумкин қабилидаги фикрлар ҳам учраб турибди. Буни тўла инкор этиб бўлмайди. Евроосиё иқтисодий иттифоқида Россия Федерацияси ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан етакчи давлат эканига шубҳа йўқ. Бироқ бу ташкилотнинг қолган аъзолари Россиянинг барча қарорларини сўзсиз маъқуллайди дегани эмас. Битта давлат минг қудратли бўлгани билан ҳаммани ўз измига бўйсундира олмайди. Айниқса, интеграцион тузилма доирасида мамлакатлар, хоҳлайдими-йўқми, бир-бирининг позицияси билан ҳисоблашишга мажбур. ЕОИИда консенсус тамойили амал қилади. Яъни томонлар муайян масалада бир тўхтамга келмагунича, биронта ҳам қарор қабул қилинмайди.

Умуман олганда, мамлакатимиз раҳбарияти кенг жамоатчилик билан бирга ташкилотга аъзоликдан кўриладиган фойда ва зарарларни, плюс ва минус жиҳатларни синчковлик билан ўрганиб чиқмоқда. Якунда оқилона қарор қабул қилинишига ишончимиз комил.

Мехрож Файзилов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси аъзоси,

Жомбой туманидаги

“Мароқанд мева сабзавот”

масъулияти чекланган

жамияти бош директори

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    459
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+