Юракдан айтилган гаплар юракларга етиб борди

06.01.2018, 16:59

Юракдан айтилган гаплар юракларга етиб борди

Ушбу сўзларда ҳеч қандай муболаға йўқ. Ҳақиқатан ҳам, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини бевосита Симпозиумлар саройида тинглаб, чин ватанпарварлик, ўз халқига чексиз меҳр ва самимийликни яна бир бор юракдан ҳис этдим. Тарихий тадбирнинг телевидение орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилгани боис бу маърузани Президентимизнинг нафақат парламентга, балки бутун элимизга мурожаати десам ҳечам адашмайман.

Мурожаатнома битта мақсад йўлида барча кучларни бирлаштириш, халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилашга сафарбар қилиш характерига эгалиги билан нафақат парламент вакилларини балки, бутун халқимизни, халқаро экспертларни ҳам бефарқ қолдирмади. Маърузада давлат ва жамиятимизнинг ҳозирги ҳолати холисона, чуқур таҳлиллар асосида очиб берилди, ҳал этилиши керак бўлган масалалар очиқ сўзланди ва келгусидаги аниқ вазифалар белгиланди.

Юртбошимиз таклифи билан 2018 йил мамлакатимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланди. Барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш 2 йилга тўхтатилди. Бу ишбилармонларга ғамхўрлик ҳамда ишончнинг яна бир амалий тасдиғи бўлди.

Ўзим ҳам кўп йиллар тадбиркорлик билан шуғулланганман. Шу соҳани яхши биладиган инсон сифатида айтишим мумкинки, тадбиркорга эркинлик, қулай ишбилармонлик муҳити яратиб берилмаса, у ўзи ўйлаган истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдан чўчийди. Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорларга ана шундай имконият яратиб берилди. Фақат буни икки йил давомида хоҳлаган ишини қилиши мумкин ёки қонунга бўйсунмаса ҳам бўлаверади, деб тушунмаслик лозим. Аввало, шуни яхши англашимиз керакки, мамлакатимиз раҳбари юрт тараққиёти, эртанги куни ва халқимиз турмуш фаровонлигини айнан шу соҳа ривожи билан боғлаяпти. Президентимиз қанчалик банд бўлишига қарамасдан, шахсан ўзи тадбиркорларга қалқон бўлиши ва доимий назорат олиб боришини таъкидлади. Очиғи, бундай ташаббус дунё давлатчилиги амалиётида камдан-кам кузатиладиган ҳодиса.

 Ушбу юксак ишончни дилдан ҳис этган ҳолда юртбошимизнинг ёнида туриб, тадбиркорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш партиямиз ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси зиммасига ҳам жуда катта вазифа юклайди.

Биз депутатлар давлатимиз раҳбарининг дастурий Мурожаатномасидан келиб чиқиб, вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган аниқ механизмлар ишлаб чиқишда фаоллик кўрсатишимиз, партиянинг барча бўғинлари билан ҳамжиҳатликда иш юритиб, тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилишда фаол ва қатъий бўлишимиз шарт. Соҳага доир қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳужжат сифатида қабул қилиш, бу борада кичик бизнес вакиллари, қолаверса, халқимиз фикр ва мулоҳазалари, таклифларини инобатга олиш механизмларини янада такомиллаштиримиз керак.

Давлатимиз раҳбари хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш, аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш каби нохуш вазиятларга қарши туриш ҳақида гапирар экан, партиямизнинг “Аёллар қаноти” билан биргаликда кўпроқ изланишимиз, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз лозимлигини ҳис қилдим. Аёл қачон ҳаётдан безийди? Қачонки эътибордан четда қолса, кўмакка муҳтож бўлса. Шу боис опа-сингилларимизни партиявий лойиҳалар орқали қамраб олиб, ҳаёт ташвишлари олдида бардам бўлишлари учун далда бериш ва тадбиркорликка ўргатиш мазкур муаммонинг амалий ечимига муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.

 Клара ЖУМАМУРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1976
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+