Халқимиз бошига тушган синовни фақат бирлашиб енгамиз

30.03.2020, 22:05

Халқимиз бошига тушган синовни фақат бирлашиб енгамиз

Президентимиз раислигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураршишни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўртага ташланган масалаларни олдимизга қўйилган вазифалар ижроси, деб қабул қилдим. Нега деганда, бугун бутун дунё, инсоният бошидан кечираётган оғир ва синовли кунлар биздан омон ўтиш, жипслашиб, бир куч бўлиб унга қарши курашишни талаб қилаётир. Шу боис, елкадош халқимиз янада бирлашди, илк кунданоқ давлатимиз раҳбари ташаббуси билан унга қарши курашишда энг таъсирчан чоралар кўрила бошланди.

Мамлакатимизда барча тиббиёт муассасалари кучайтирилган иш режимига ўтказилгани, 11 та тиббиёт муассасаси, 91 та сиҳатгоҳ, оромгоҳ ва ётоқхоналар карантинга ихтисослаштирилгани айни вазият саломатлигимиз, хавфсизлигимизга бефарқ бўлмасликни кўрсатади.

Давлатимиз раҳбари ушбу пандемияга қарши курашишни “ўзига хос жанг майдони”га қиёслаганлари бежиз эмас. Бу майдонда чинакам фидойилар, марду майдон шифокорлар илк зарбани қабул қилишга мажбур бўлмоқда. Ўз ҳаётларини хатарга қўйиб, беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун кеча-кундуз жасорат кўрсатаётган тиббиёт ходимлари ҳар қанча эътироф, эътиборга муносиб. Шу ўринда Президентимизнинг уларнинг фуқароларнинг соғлиги ва ҳаётини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона меҳнатларини алоҳида эътироф этганлари барчани бирдек мамнун қилди. Хусусан, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитар-эпидемиологик ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилган қарори бу йўналишда улар учун чинакам рағбат бўлди.

Бугун барчамиз шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиги йўлида тунни тун, кунни кун демай қилаётган меҳнатларига тасанно айтишимиз зарур. Очиғини тан олайлик, сиз билан биз ўз уйимизда бехавотир дастурхон атрофида оила аъзоларимиз билан жам бўлиб ўтирганимизда тиббиёт ходимлари инфекция тарқалишини олдини олиш мақсадида, сизу бизнинг саломатлигимизни муҳофаза қилиш учун пандемиядан азият чекаётган беморлар, карантинга олинганлар ёнида! Аслида уларнинг саъй-ҳаракатлари билан сизу биз хотиржаммиз!

Бундай шарафли касб эгаларига ҳурмат кўрсатмай, ғамхўрдик қилмай бўладими? Шундай экан, бугунги синовли даврда Президентимиз йўлидан бориб шифокорларга сўзимиз, эътиборимиз, эътирофимиз билан далда, куч бўлайлик. Зеро, бу синовни фақат бирлашиб енгиш мумкин.

 Умидахон ЗОКИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O’zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    402
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+