Ўзбекистон ва ЕОИИ: катта ўзгаришлар сари

31.03.2020, 15:54

Ўзбекистон ва ЕОИИ: катта ўзгаришлар сари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашида жорий йилнинг 26 март куни бўлган навбатдаги йиғилишда Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорликка оид масалалар кўриб чиқилди. Иқтисодиётимизни соғломлаштириш ва тараққий эттириш учун халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва дунёда глобаллашув кучайган бир даврда жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув жараёнларини тўлиқ таҳлил қилиб, баҳо бериш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ЕОИИ — 2014 йилда Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Шунингдек, бу Иттифоққа 2015 йилда Арманистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси аъзо бўлиб кирган, 2018 йилдан эътиборан Молдова кузатувчи мақомига эга.

ЕОИИнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, ЕОИИ доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперация ривожлантиришдир.

ЕОИИнинг иқтисодий ташкилот эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиздир. Бу жиҳат ЕОИИга аъзо давлатлар суверинететига таъсир этмаслиги, давлатларнинг бири томонидан бошқасига ҳатто иқтисодий тайзиқ ўтказилиши мумкин эмаслиги равшан деб, қараш лозим. ЕОИИнинг асосий мақсади ўзаро манфаатдорликдан иборат бўлса, шубҳасиз, унга кузатувчи-давлат сифатида қўшилиш масаласини муҳокама қилиш ўринлидир.

Фикримизча, ЕОИИ Ўзбекистоннинг аъзо бўлишидан манфаатдордир. Чунки, бу тадбир ташкилотнинг нуфузини оширади. Ўзбекистондек салмоқли ва Ўрта Осиёдаги етакчи давлатнинг қўшилиши ЕОИИ учун кейинги йилларда рўй берган энг катта воқеа бўлади.

Ўзбекистон учун ЕОИИга аъзо бўлиш қандай ижобий ва салбий натижаларга олиб келиши мумкинлиги чуқур мулоҳаза, теран фикр ва муҳокама талаб этади.

Шу ўринда, баъзи фикрларимизни билдиришни лозим топдик. Дастлаб, бўлиши мумкин бўлган ижобий ҳолатларга эътибор қаратайлик:

— Ўзбекистонда аҳолининг 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган қатлами зичлиги бошқа аъзо мамлакатларга нисбатан юқори эканлиги сабабли меҳнат миграциясида сезиларли даражада ижобий ҳолат содир бўлади. Минглаб мигрантлар тўлақонли ишчига айланишларига имкон туғилади;

— Ўзбекистон аҳолисига хос бўлган меҳнатсеварлик ва тадбиркорликни тўла амалга ошириш ҳудуди кенгаяди;

— мамлакатда ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун зарур бўлган инвестиция манбаси вужудга келади;

— ЕОИИга аъзо давлатлар иқтисодий тизимлари уйғунлиги ривожланиш учун асос бўла олади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида ЕОИИ давлатларининг улуши 2/3 қисмни ташкил этиши мамлакатимизни ЕОИИ билан муносабатларни йўлга қўйишга ундайди.

ЕОИИ билан Ветьнам, Хитой, Эрон, Сингапур каби ўнлаб давлатлар билан эркин савдо келишувлари имзолаган бўлиб, бу мазкур давлатлар билан ягона ташқи савдо сиёсатини амалга оширилишини ифодалайди.

Интернет маълумотларига кўра, айни кунда ЕОИИ жойлашган ҳудуд майдони жиҳатидан дунёда биринчи бўлса, аҳоли сони бўйича 8-чи  (ҳозирги кунда 184 млн.дан иборат) ва ЯИМ ҳажми бўйича эса, 10 ўринда қайд этилмоқда.

Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо мамлакат сифатида қўшилиши муайян масалаларни келтириб чиқариши мумкин:

биринчидан, импорт қилинувчи маҳсулотларнинг нархини тушиши натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бозордаги ўрнини сақлаб қолиши қийинлашади. Айниқса, монопол хусусиятга эга бўлган тармоқларнинг бозордаги ўрни хавф остида қолади. Шу билан бирга, ЕОИИ доирасида умумий божхона тарифларини ўрнатилиши ортидан баъзи товарларнинг қимматлашиши юзага келиши мумкин;

иккинчидан, ишчи кучининг чиқиб кетиши янада жадаллашади. Хусусан, Ўзбекистон ва ЕОИИнинг йирик иқтисодиётларида ўртасида иш ҳақи ҳажми бўйича сезиларли тафовутлар борлиги туфайли мамлакатимизда ишчи кучининг хорижга кўчиши юзага келади. Бу эса, қишлоқ хўжалиги соҳасида хизмат қилувчиларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг қимматлашувига олиб келиши мумкин.

Мазкур мамлакатлар ва Ўзбекистонда фаолият кўрсатувчи Трансмиллий компанияларнинг иқтисодий сиёсатидаги бир хилликнинг юзага келиши ортидан мамлакатимизда уларнинг фаолияти нобарқарорлашувига сабаб бўлиши мумкин.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатларида ўз маҳсулотлари билан кириб боришида 184 млн.га яқин истеъмолчи мавжуд бозорларга нотариф тўсиқларсиз кириш имкони яратилади.

Таъкидлаш жоизки, миллий товар-маҳсулотларимизни ЕОИИ ҳудуди бўйлаб эркин сота олишимиз имкони пайдо бўлиши ва бизга аъзо мамлакатлар маҳсулотларининг эркин кириб келиши билан белгиланади. Бу масала ҳам мураккаб. Тўғри мамлакатимиз ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг барчаси билан икки томонлама ўзаро манфаатли келишув ва битимларга эга. Аслида эса, ЕОИИга аъзо мамлакатлар биз билан ўзаро иккитомонлама муносабатларда ўз ички талабларидан ташқарига ҳеч қачон чиқишмайди. ЕОИИ манфаатлари ҳамиша устувордир. Ўз-ўзидан маълумки, асосий устуворлик аъзо мамлакатлар маҳсулотларига нисбатан қўлланилади.

Бизнинг маҳсулотларимизга эътибор даражаси нисбатан паст бўлади. Шуни ҳам қайд этиш лозимки, ЕОИИ ҳудудида маҳсулотларига (маркировка, сифат, санитария нормалар ва бошқалар) нисбатан бўлган алоҳида меъёрлар тизими ишлаб чиқилган. Бу ва шу каби бошқа талаблар турли маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш жараёнида турли сифат ўзгаришларни киритишни талаб этади. Юқорида тўхталиб ўтилганидек, монопол деб ҳисобланадиган айрим тармоқларнинг фаолияти ҳам мураккаб ҳолатда қолиш эҳтимоли йўқ эмас. Эҳтимол, бизга ҳам менежмент ва ишлаб чиқариш жараёнларини сифат жиҳатдан тубдан ўзгартириш даври етиб келгандир.

Шу каби муаммоларнинг бир нечтасини санаб ўтдик, холос. Нима бўлганда ҳам шубҳасиз, Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи давлат сифатида ҳамкорлик қиладиган бўлса, ҳаётимизга катта ўзгаришларга олиб келади. Биз учун, энг асосийси, ушбу ўзгаришларда миллатимиз манфаатини ҳимоя қилиб, халқимиз фаровонлиги ва тинчлик-хотиржамлигини таъминлашимиз муҳим ҳисобланади.

 

Нодир ЖУМАЕВ,

Абдулло АСЛОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

O'zLiDeP фракцияси аъзолари

  • Кўрилди
    1425
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+