Бухорода аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш борасида қандай чоралар кўриляпти? (+ВИДЕО)

01.04.2020, 19:33

Бухорода аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш борасида қандай чоралар кўриляпти?  (+ВИДЕО)

Президентимиз жорий йил 19 март куни мамлакатимиз тараққиётига дахлдор бўлган муҳим ҳужжатга имзо чекди. “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ушбу фармон ўз вақтида қабул қилингани билан катта аҳамиятга эга.

Таъкидлаш жоиз, мазкур фармон билан тадбиркорларга кўплаб имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилган. Хусусан, 1 октябрга қадар тадбиркорларнинг ишлатилмаган объектлари бўйича мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаси қўлланилмайди. Қолаверса, 1 ноябрга қадар коронавирус пандемияси туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналар банкрот деб эълон қилинмайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда O‘zLiDeP вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ 30 март куни Бухоро вилоятидаги учрашувлари доирасида Ғиждувон туманида жойлашган “Парвоз Хумо равнақ текс” МЧЖда бўлиб, тадбиркорларга мазкур фармоннинг мазмун-моҳиятини етказди.

Видео:

– Мамлакатимизда ушбу инфекциянинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда касалликни даволашга барча куч ва воситалар сафарбар қилинди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони эса ўз вақтида қабул қилинган муҳим ҳужжат бўлди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов. –Боиси фармонга кўра, карантин даврида тадбиркорлик субъектларидан 3,6 мингдан юқори давлат мулки объектлари учун ижара ҳақи олинмайди. Шу билан бирга барча лойиҳалар бўйича инвестиция мажбуриятларини бажариш 6 ойга узайтирилди. Энг муҳими, карантин даврида тадбиркорларнинг банк ҳисобларини тўхтатиб қўйиш ман этилиб, товарларни етказиб бериш ва ташиш хизматларини лицензиялаш вақтинча бекор қилинди.

 Учрашув давомида коронавирус пандемиясининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларида кредитларни қайтариш билан боғлиқ салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида уларнинг кредит тўловлари муддатларини узайтириш юзасидан мурожаатларини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш бўйича кредит ташкилотларига кўрсатмалар берилгани ҳам айтиб ўтилди.  

Бугунги кунда Ғиждувон туманида 3195 гектар томорқа ер майдонлари мавжуд. Шундан 2735 гектарига эртаки, 919 гектарига ўртаки экинлар экиш режалаштирилган. Айни пайтда эса 546 гектар майдонга сабзавот, 388,9 гектарга картошка, 23 гектарга дуккакли экинлар ва 865 гектарда бошқа турдаги экинлар экилган.

Шу куни депутатлар тумандаги “Армичан”, “Кўлижаббор” ва “Буктарой” номидаги маҳаллаларда бўлиб, аҳоли хонадонларида ташкил этилган иссиқхоналар фаолияти билан танишди. 

 “Буктарой” МФЙда яшовчи Э.Болтаев, Ғ.Розиқов, Қ.Турсуновлар ўз томорқасида иссиқхона ташкил этиб, деҳқончилик билан шуғулланиб келаётган ишбилармонлардан. Ҳозирда бу тадбиркорлар ўз хонадонида иссиқхона ташкил этиб, оиласи фаровонлиги ва бозорларимиз тўкинлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётир.  

Мулоқотлар давомида халқ ноиблари ернинг ҳар қаричи олтинга тенглигини, агар яхши меҳнат қилинса, бизнинг иқлим шароитимиз йил давомида деҳқончилик қилиш имконини беришини таъкидладилар.

“Хатча” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сайдулла Бозоров ўз томорқасининг 1.5 сотихига картошка ва сабзавот экинлари етиштиряпти. Ишчи гуруҳ аъзолари учрашувлари давомида  ушбу хонадонда ҳам бўлдилар.   

 – Ҳадисини олганга томорқа кони фойда. 10 сотихдан ортиқроқ томорқамиз бор. Ҳар йили помидор, сабзи, картошка сингари маҳсулотлар етиштириб, яхшигина ҳосил оламиз. Қолаверса, ортиқча маҳсулотларни бозорда сотиб, кам-кўст учун сарфлаймиз, – дейди С.Бозоров. 

Учрашувда Президентимиз раислигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураршишни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш ҳамда давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармонида белгиланган вазифалар ҳақида маълумотлар берилди.

Ромитан туманида истиқомат қилувчи Фарҳод ака ҳовлисига қадам қўйган киши саранжом-саришталик, тозаликни, айниқса, томорқани кўриб, “Файзли, қут-баракали хонадон экан”, деган хулосага келиши тайин. Гап шундаки, бу оила уч сотих ерда иссиқхона барпо этган. Айни дамда бу ерда қулупнай етиштириляпти. 

Куннинг иккинчи ярмида депутатлар ушбу хонадонда ҳам бўлиб, бу ерда барпо этилган иссиқхона фаолиятини кўздан кечирди. Тадбиркор билан суҳбатлашиб, муаммоларини ўрганди. Фаолиятини янада кейгайтиришида қандай муаммолар бўлса, депутатлар ва партия вакиллари уларни бартараф этишга тайёрлигини билдирди. 

Ишчи гуруҳ аъзолари мазкур учрашувлар доирасида Жондор туманида ҳам бўлиб, аҳолини томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганди, тадбиркор, фермер ва томорқачилар билан мулоқот қилди.

Маълум бўлишича, бугун туманда ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЧЖ ҳудуддаги томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, бунда, тупроқ-иқлим шароити ва сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб, қайси турдаги экинларни экиш, парваришлаш, маҳсулотни йиғиб олиш ва уни сотиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатмоқда. Айни чоғда “Томорқа хизмати” корхонаси ярим гектар иссиқхонада эртапишар тарвуз етиштираётир.  

Учрашув давомида депутатлар томорқа — ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи, мўъжаз гўшаси эканини айтиб, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларда белгиланган имтиёзлар ҳақида тушунчалар берди.

  • Кўрилди
    1236
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+