Дониёр Ғаниев: “Аҳолини ижтимоий ҳимоя билан таъминлаш мақсадида давлат томонидан компенсация ажратилиши мақсадга мувофиқ”

02.04.2020, 11:32

Дониёр Ғаниев: “Аҳолини ижтимоий ҳимоя билан таъминлаш мақсадида давлат томонидан компенсация ажратилиши мақсадга мувофиқ”

Монополист завод – UzAuto Motors’га нисбатан кескин танқидий фикрлари билан танилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниев карантин шароитида ходимларни ўз ҳисобидан иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат таътилига чиқариб юборилиши ҳар қандай қонунга зидлигини таъкидлади.

 Аммо бу каби форс-мажор ҳолатларда хусусий корхоналарни ходимларга ҳақ тўлашга мажбурлаш кичик ва ўрта бизнес вакилларининг катта қисмини  банкротлик ёқасига олиб келиши ҳам мумкин.

 «Шунинг учун, хусусий сектор корхоналарини иқтисодий таназзулдан сақлаб қолиш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя билан таъминлаш мақсадида давлат томонидан компенсация ажратилиши мақсадга мувофиқ бўларди. 

 Дейлик, карантин шароитида меҳнат таътилига чиққан ходимларнинг таътил пулларини маълум бир қисми давлат томонидан субсидия тарзида қопланиши мақсадга мувофиқ.

 Бунда иш берувчи томонидан тўланадиган ягона ижтимоий тўлов ҳамда ходимдан иш ҳақи ҳисобидан ушланиб қолинадиган даромад солиғини бекор қилиш ҳисобига тўланадиган маошни ёки меҳнат таътили пулини 40-50 фоиз қисми давлат томонидан қопланиши мумкин. Натижада бу корхоналарга ўз ходимларини ишдан бўшатиш ёки ўз ҳисобидан таътилга чиқаришга эмас, балки уларни карантин давомида уйда қолишларини таъминлашга имконият беради», – деди Ғаниев.

 Унинг қўшимча қилишича, бу тажриба бугунги кунда кўплаб ривожланган давлатлар томонидан амалиётга татбиқ этилмоқда.

«Албатта бу давлат бюджетидан катта маблағ талаб қилади, лекин айнан шу чора ижтимоий вазият таранглашишининг олдини олиш ҳамда ижтимоий адолат нуқтаи назаридан жуда муҳим деб ҳисоблайман», – деди депутат.

 Дониёр Ғаниев жамиятнинг камбағал қатлами учун ёрдам кўрсатиш борасида гапирар экан, карантин шароитида аҳолининг ижтимоий заиф қатлами, кунлик даромад ҳисобига яшовчи фуқаролар энг кўп қийинчиликларни бошдан кечиришини таъкидлади.

«Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонида аҳолининг камбағал қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш ва нафақа олувчилар сонини ошириш учун қўшимча маблағлар ажратилиши белгиланди.

Бундан ташқари, саховатпеша фуқароларимиз, тадбиркорларимиз томонидан ҳам катта хайрия ишлари амалга оширилмоқда. Ишонаманки, саховатпеша халқимизнинг хайрли ишлари давом этади ва бу оғир кунларда ҳеч ким ёлғиз ташлаб қўйилмайди», – деди депутат.

Дониёр Ғаниев ҳам одамларнинг бир жойда йиғилиши ўта хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган шароитда йиғилишлар ўтказилаётганини кескин қоралади.

«Жойлардаги амалдорларнинг бу каби ишлари кўп ҳолларда карантин тадбирларининг муҳимлигини тушунмаслик ёки бепарволикдан келиб чиқмоқда деб ўйлайман.

Коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва ташкил қилинаётган карантин тадбирлари қайсидир маънода биз оқсаб қелаётган соҳалар, жумладан, иқтисодиётни рақамлаштириш, электрон ҳукумат, масофадан ишлаш ва масофавий таълим кабиларни жадаллаштиришга катта туртки бўлиши керак», – деди Ғаниев.

Манба: Kun.uz

  • Кўрилди
    1353
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+