Халқ вакили бошқаларга ўрнак бўлиши керак эмасми!?

02.04.2020, 21:14

Халқ вакили бошқаларга ўрнак бўлиши керак эмасми!?

Республикамизда коронавирус қайд этилгандан кейин фавқулодда ўтказилган йиғилишда, шунингдек, мамлакатимиз раҳбарининг бевосита ўзлари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишларида ушбу ҳолатга баҳо бериш баробарида, аҳоли орасида ваҳимага сабаб бўлувчи ахборотларни тарқатмаслик, белгиланган карантин қоидаларига риоя қилиш бўйича жиддий огоҳлантиришлар берилган эди. Қолаверса, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг кучга киритилиши бу борадаги огоҳлантиришлар қанчалик жиддий эканини яна бир бор кўрсатган эди.

Қонунда акс этган қатъий нормалар ОАВ орқали доимий равишда эълон қилиб борилаётгани ҳам аслида, бир томондан одамларимизни бундай шов-шув гапларга ишонмасликка чақириш бўлса, иккинчи томондан асоссиз хабарларни тарқатувчиларга ҳам ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарлик борлигини эслатиб туришдир. Шунга қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўйилаётгани мутлақо тушунарсиз ҳолат. Айниқса, депутатлар томонидан бундай қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганини эса, ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Гап Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутатларидан бирининг интернет орқали шаҳарда короновирус билан касалланганлар борлиги тўғрисида гап тарқатиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари тўғрисида бормоқда.

Бугунги вазиятда ҳар бир фуқаромиз ҳукумат амалга ошираётган ишларни қандай қилиб ўз даражамда қўллаб-қувватласам экан, ушбу вазиятдан юртимизнинг тезроқ чиқиб кетиши учун мен ўзимнинг қандай ҳиссамни қўшишим мумкин экан, деб турган бир вақтда ўз фаолияти билан бошқаларга ўрнак бўлиши керак бўлган шаҳар кенгаши депутатининг бу қилиғини қандай тушуниш керак?

Бу фикрлар шу кунларда ўзига юкланган вазифаларни сидқидилдан бажараётган ички ишлар органлари вакилларига нисбатан ноўрин хатти-ҳаракатлари билан “танилган” депутатга ҳам тегишли. Ҳозир бундай “қаҳрамонликлар” даври эмас, вазият буни мутлақо кўтармайди. Бошқаларга буни тушунтириши керак бўлган инсон, депутат ўзи аксини қилиб, нотўғри ҳаракатлари билан бошқаларга “ўрнак” бўлиб юрса, буни қандай ақлга сиғдириш мумкин. Имкониятдан фойдаланиб, барчани яна бир бор огоҳликка чақирган бўлардим.

Азизлар юртдошлар, ким бўлишимиздан, қандай лавозимда ишлашимиздан қатъи назар, бугунги мураккаб жараёнда ҳаммамиз бирдек туришимиз керак. Ҳар биримизнинг нотўғри хатти-ҳаракатимиз туфайли бугун кўпчиликка зарар етиб қолиши мумкинлигини бир дақиқа ҳам унутмайлик. Фақат масъулиятни ҳис қилиб, қонун талаблари ва ҳукумат томонидан берилаётган кўрсатмаларни тўлақонли бажариш орқалигина ушбу мураккаб вазиятдан тезроқ чиқиб кетишимиз мумкин, холос.

Яна бир бор барчангизни шу мақсадлар атрофида бирлашишга чақириб қоламан.

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    82
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+