Таҳликага ҳожат йўқ: республикамизга етарли озиқ-овқат заҳираси мавжуд

02.04.2020, 21:20

Таҳликага ҳожат йўқ: республикамизга етарли озиқ-овқат заҳираси мавжуд

Бутун дунёни, хусусан, мамлакатимизни ҳам ташвишга солаётган коронавирус пандемиясига қарши кураш майдонида турибмиз. Тан олишимиз керак, бундай синовли кунлар бизни ҳар жиҳатдан имтиҳон қилаётир. Тўғри, юртдошларимизда таҳлика ҳам, саросима ҳам бор. Айниқса, эълон қилинган карантин вақтида бу ҳолат янада кучаймоқда. Қайси маънодаки, саломатликни муҳофаза қилиш, инфекциянинг тезроқ бартараф этилишига эришиш, келажакни асраб қолиш ... Айни саъй-ҳаракатлар авж олган паллада республикамиз бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб аввалгидан ортгандай назаримда.

Ижтимоий тармоқларда ҳали у маҳсулотнинг, ҳали бу маҳсулотнинг нархи сунъий ошириб олинаётганлиги хусусидаги ҳолатларга дуч келаётганимиз, бор гап. Бу кўз юмиб бўлмайдиган ҳолат. Айниқса, картошканинг бозорларда, супермаркетлардаги нархлари бир неча баробар оширилганини таъкидлашмоқда. Бу бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларга борганларида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда мутасаддилар билан савдо жойлари, марказларида ўрганиш тадбирларини олиб бордилар. Бу ўрганиш жараёнлари ҳамон давом этмоқда. Юқоридаги каби салбий ҳолатларга дуч келинганда, мана шундай айрим нафси бузуқ, юртнинг ташвишли кунларидан “фойдаланаётган” тадбиркору сотувчиларга нисбатан тегишли тартибда қонуний чоралар кўрилди.

Шу ўринда бир нарсани таъкидламоқчиман: мамлакатимизда етарли озиқ-овқат маҳсулотлари заҳираси мавжуд, асло саросимага ҳожат йўқ. Айтайлик, январь-март ойларида республикамизга автотранспорт орқали 692,8 минг тонна, темир йўл орқали эса 4 миллион 870 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келинган ва куну тун бу жараён тўхтамаяпти. Масалан, маҳсулотларнинг асосий қисмини 23,03 минг тонна картошка, 12,54 минг тонна ун, 11,5 минг тонна ўсимлик ёғи, 26,6 минг тонна шакар, 1,8 минг тонна гўшт, 1,7 минг тонна қандолат маҳсулотлари, 1,3 минг тонна гуруч ташкил қилади. Жорий йилнинг 16-31 март кунлари товарларнинг ташқи савдо ҳажми – 943,3 миллион АҚШ долларидан иборат бўлди. Буларнинг барчаси фуқароларимиз учун озиқ-овқат маҳсулотлари борасида ваҳимага тушмасликлари йўлида қилинаётган ҳаракатдир.

Бунинг устига мана ҳадемай ўзимизнинг деҳқонларимиз томонидан етиштирилаётган янги картошкалар ички бозорларимизни тўлдиради. Узилиш бўлмайди бу борада асло. Шунинг учун юртдошларимизни озиқ-овқат маҳсулотлари борасида умуман таҳликага ваҳимага тушмасликларини сўрардик.

Синовли кунларни биргаликда бир куч бўлиб енгамиз.

 Бегали ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси депутати,

Аграр ва сув хўжалиги масалалари

қўмиатси аъзоси

  • Кўрилди
    84
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+