Асоссиз хабарларга ишонманг!

02.04.2020, 21:22

Асоссиз хабарларга ишонманг!

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда республикамизда амал қилаётган карантин туфайли картошка нархи кескин ошиб кетиши билан боғлиқ асоссиз хабарлар тарқалди.

Асоссизлиги шундаки, айнан нарх-навони назорат қилиш бўйича ҳукумат жуда жиддий чора-тадбирларни амалга ошираяпти. Хусусан, прокуратура органлари томонидан барча ҳудудларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархини ошиши доимий мониторинг қилиб борилаяпти. Яхши биламиз, ишлаб чиқарувчи ёки улгуржи савдода нарх сунъий оширилса, табиийки, чакана савдода ҳам нарх кўтарилади. Шу боис, аввало музлатгичли омборхоналар ва улгуржи тарқатиш базаларида товарларни қиммат нархда сотиш ҳолатларига йўл қўймаслик чоралари ҳам кўрилмоқда.

Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, вазият қанчалик назорат қилинмасин, айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотлари ва тиббий буюмлар нархини асоссиз равишда ошириб, сотиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Картошка масаласида ҳам худди шундай ҳолат юзага келган. Яъни, ҳар қандай тадбирдан ўз манфаати йўлида фойдаланишни ўйлайдиган айрим олғир кишилар томонидан картошканинг нархи сунъий равишда кўтарилаяпти. Шундай экан, ижтимоий тармоқлардаги хабарлардан келиб чиқиб, бутун мамлакатда картошка нархи ошибди, деган хулоса ясаш мутлақо нотўғри эканлигини таъкидламоқчимиз. Ортиқча саросимага тушишга асло ўрин йўқ.

Оғир ва синовли даврда давлатимиз томонидан касалликни бартараф этиш бўйича қилинаётган ишларга кенг мушоҳада билан қаралса, нарх-навонинг ошиши билан боғлиқ хабарларнинг қанчалик ассоссизлиги шундоғам ойдинлашади.

Кўриб турганимиздек, ҳукумат карантин вақтида аҳоли манфаати ва талабини инобатга олган ҳолда барча чора-тадбирларни ишга солмоқда. Хусусан, Давлат божхона қўмитаси ахборотига кўра январь-март ойларида республикага автотранспорт орқали 698,2 минг тонна товар, темир йўл орқали эса 4 миллион 875,0 минг тонна товар олиб келинган бўлиб, юртимизга киритилган озиқ-овқат махсулотлари орасида айнан картошка энг катта ўринни эгаллайди. Бошқа махсулотлар турлари, хусусан, ун, ўсимлик ёғи, гўшт, шакар ва бошқалар ҳам етарли даража олиб келинаётганлигини кўриш мумкин.

Иккинчидан, бозор пештахталарида картошканинг янги ҳосили тобора кенг ўрин олаётганини ҳам кўрган бўлсангиз керак. Бу ёғига уларнинг миқдори яна ошиб, бу ҳам албатта картошканинг баҳоси тобора тушиб боришига ўз таъсирини кўрсатади. Агар фермерларимиз бу йил картошкани ўтган йилдагидан ҳам қарийб 1,5 баравар кўп эканлигини ҳисобга олсак, буларнинг барчаси тез вақт оралиғида ўз натижасини кўрсатади.

Бир нарса эътиборлики, бу масалаларда ҳукумат нафақат бугунги вазиятни, балки келажакни ўйлаб иш қилаётганини кўриш мумкин. Вазирлар Маҳкамаси томонидан бугун эълон қилинган қарор ҳам сўзимизга исбот бўла олади. Унга кўра, Тошкент вилоятида замонавий картошкачилик кластери ташкил этиладиган бўлди. Ҳужжатга мувофиқ, “Вoʻstonliq kartoshkachilik markazi” MЧЖга Бўстонлиқ туманидаги фойдаланилмаётган ва заҳирадаги ерлар ҳисобидан жами 1400 гектар ер ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилади. Ишончимиз комилки, ушбу хайрли ташаббус республикамизнинг барча ҳудудларида бошланади.

Ушбу қарорнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, картошканинг юқори навли, эртапишар, касалликка чидамли уруғини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Мақсад битта, халқимизни арзон ва ва сифатли картошкага бўлган талабини қондиришдир.

Шу ўринда яна бир гап. Депутатларимиз томонидан ҳам бу борада қатъий назорат ўрнатилгани нархлар сунъий равишда ошиб кетмаслигига хизмат қилаётганини таъкидлаш лозим. Деярли барчамиз жамоатчилик назорати деган сўзни кўп эшитганмиз. Лекин, ушбу институтни ҳаракатга келтирувчи механизм айнан ўзимиз эканлигимизни ҳар доим ҳам билавермаймиз. Шундай экан, у нарх-наво билан боғлиқ масала бўладими, умуман олганда, қонун бузилишга йўл қўйилаётган ҳар бир вазият бўйича аввало, ўзимиз синчков ва эътиборли бўлайлик. Шундагина жамият тараққиётга юз тутади.

Батирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси депутати,

Аграр ва сув хўжалиги масалалари

қўмиатси аъзоси

  • Кўрилди
    78
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+