Коронавирус: нохолис ахборотларга ишонманг!

02.04.2020, 21:23

Коронавирус: нохолис ахборотларга ишонманг!

Коронавирус инфекцияси бугунги кунда барчамиз учун катта синов бўлиб турибди. Бу синовни мардонавор енгиш учун Давлатимиз раҳбари томонидан барча зарур чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича Юртбошимиз томонидан, қолаверса, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қатор қарорлар имзоланди. Бундан ташқари, Президентимиз коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халққа Мурожаат қилиб, “Ҳозирги вазиятда айрим масъулиятсиз, ҳақиқий ҳолатдан бехабар ва ўзини “пиар қилиш”ни яхши кўрадиган одамлар турли миш-миш ва уйдирмаларни тарқатишга уринади.

Шу муносабат билан жамоатчилигимиздан илтимос қиламан: саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз зарур. Бу масалани ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам алоҳида назоратга олиши лозим”, дедилар.

Албатта, сабр-бардошли, матонатли ҳамда иродали халқимиз бугунги кунда тиббиёт ходимларининг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда ўз уйларида севимли машғулотлари билан банд бўлмоқдалар.

Лекин, “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек, бугунги вазиятда айрим ҳамюртларимизнинг ҳақиқатдан йироқ, нохолис ахборот тарқатиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Албатта, уларга ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қонуний жазо чоралари кўрилмоқда. Аммо, ишонувчан юртдошларимиз уларнинг нохолис маълумотларига ишониб ҳам қолмоқдалар. Шу ўринда, биринчи галда барча даражадаги раҳбарлар, депутатлар, аввало, кенг жамоатчилик орасида ҳақиқатдан йироқ ахборот тарқалишининг олдини олиши лозим.

Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, қалбига китоб ва иймон кириб борган одамдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Шундай экан, мамлакатимиздаги вазиятни барчамиз онгли равишда яхши тушуниб турибмиз. Турли иғво, гап-сўз тарқатмасдан, фарзандларимизга китоб ўқиб берайлик! Уйда вақтимизни сермазмун ўтказайлик!

 Дониёр ҒАНИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси депутати,

Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати

ва ахборот технологиялари масалалари

қўмитаси раиси ўринбосари

  • Кўрилди
    765
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+