Оғир кунда қабул қилинган муҳим қарор

03.04.2020, 11:52

Оғир кунда қабул қилинган муҳим қарор

Айни пайтда барчамиз синовли кунларни бошдан ўтказаяпмиз. Бу кунлардан ёруғ юз билан ўтамиз, албатта. Негаки, вазият қанчалик мураккаб ва таҳликали бўлмасин, Президентимиз бошчилигида ҳукумат томонидан аниқ ва тўғри қарорлар қабул қилинаяпти. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, улар ўз вазифасини аъло даражада уддалаяпти. Оғир, вазмин, кўпни кўрган халқимиз ҳам бирдамлигини амалда намоён этиб, ҳукуматга камарбаста бўлаяпти. Шундан келиб чиқиб, касалликни мардона енгиб ўтишимизга ишончим комил дея айта оламан.

Ҳукумат бугунги оғир дамларда ҳам ўз вазифасини сидқидилдан бажаришга интилаётганига далил сифатида Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йилнинг 2 апрель санасида Тошкент вилоятида замонавий картошкачилик кластери ташкил этиш бўйича қабул қилинган қарорини келтириш мумкин.

Ушбу қарорнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, картошканинг юқори навли, эртапишар, касалликка чидамли уруғини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Мақсад битта.  Яъни халқимизни арзон ва ва сифатли картошкага бўлган талабини қондиришдир.

Қишлоқ хўжалиги мутахассислари жуда яхши билишади картошкачилик соҳасида вируссиз “i vitro” технологияси асосида уруғликни кўпайтиришга ҳозир эҳтиёж ниҳоятда катта. Илмий асосланган алмашлаб экиш тизимида қўлланиладиган тажрибалар ҳам бу соҳада қўл келади. Маҳаллий ва хорижий селекция ҳамда биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш, уруғчилик бўйича маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилиш замон талабидир.

Ҳужжатга мувофиқ, “Вoʻstonliq kartoshkachilik markazi” MЧЖга Бўстонлиқ туманидаги фойдаланилмаётган ва захирадаги ерлар ҳисобидан жами 1400 гектар ер ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага бериладиган бўлди. Ишончимиз комилки, ушбу хайрли ташаббус республикамизнинг барча ҳудудларида бошланади.

Умуман олганда, бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи барча давлатлар қатори Ўзбекистон учун ҳам муҳим саналади. Негаки, айни пайтда озиқ-oвқaт мaҳcyлoтлapигa бўлгaн тaлaб oшяпти, aҳoли coни ўсиши асносида жoн бoшигa иcтeъмoл кўпаймоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда сўнгги уч йилда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ва экспорт салоҳиятини оширишга бўлган ёндашув мутлақо ўзгарди, давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилди. Иқтисодиётнинг етакчи тармоғи қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, шу орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича оқилона сиёсат олиб борилаяпти. Энг муҳими юртимизда маҳсулот ишлаб чиқариш ва импорт қилиш даражалари оқилона уйғунлаштирилмоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлардан мақсад – иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир. Буни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур”.

Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент вилоятида замонавий картошкачилик кластери ташкил этишга қаратилган қарори қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ йилларга мўлжалланган вазифаларнинг амалий натижаси десак муболаға эмас.  Қолаверса, буни оғир ва синовли кунларда қабул қилинган муҳим қарор сифатида баҳолаш мумкин.

 Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1132
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+