Баҳона битта: “Зерикмаслик учун суҳбатлашиб дийдорлашмоқ”!

03.04.2020, 15:19

Баҳона битта: “Зерикмаслик учун суҳбатлашиб дийдорлашмоқ”!

Муҳтарам Президентимиз топшириғига асосан коронавирус пандемиясининг кенг тарқалиб кетишини олдини олиш, тезроқ бартараф қилиш, фуқаролар хавфсизлигини. санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида бутун мамлакатда карантин эълон қилинган. Бизнинг саломатлигимиз, тинчлигимиз, хотиржамлигимиз учун туну кун меҳнат қилаётган тиббиёт, ички ишлар ходимларининг саъй-ҳаракатлари бесамар кетмаслиги зарур бўлган бир вақтда айрим юртдошларимизнинг сабабсиз кўча кезишлари, йўлаклар четида ўтирволиб хаёл суришлари ёхуд телефон ўйнашларига нима дейсиз?

Шу ўринда бир ҳадис ёдимга тушади. Анас ибн Моликдан ривоят қилинишича, бир киши Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан сўрабдилар: “Ё Расулуллоҳ, мен туямни боғлаб, Аллоҳга қилайми ёки уни ечим ташлаб Аллоҳга таваккал қилайми?” Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Уни боғланг ва Аллоҳга таваккал қилинг” деган эканлар.

Ушбу хадисни бежиз келтирмадим. Бугун кўча-кўйда “Мени Худо асрайди, қирқ йил қирғин келса, ажали етган ўлади”, қабилидаги гаплар қулоғимизга чалинаётгани бор гап. Тўғри, бу фикрни нотўғри демоқчи эмасман, аммо ўзини асраганни ЎЗИ асрашини унутмайлик!

Куни кеча Андижон вилоят ҳокимининг бу борада андижонликларга қилган яна бир мурожаати ОАВларда эълон қилинди. Уларнинг “ҳеч қандай нарх қўймай, элтиб бериш хизматини ҳам олмай, озиқ-овқат маҳсулотларини уйингизга етказиб беради. Фақат илтимос сиз уйдан чиқманг. Бир муддатлик карантинга амал қилсангиз, бу офатдан шунча тез қутуламиз...” деган фикрларининг ўзиёқ фуқароларимизни хушёрликка чақирмаяптими, бу инфекция хавфини сездирмаяптими?

Айрим соҳа одамларигина ишда қолишди. Деярли бутун мамлакат аҳли ўз уйларида, оиласи бағрида. Бу дегани, йиғилишиб, “гап-гаштак”, зиёфат бериш дегани эмас, албатта. Қулоғимизга чалиняпти, очиғини айтишимиз керак, қайсидир жойларда, хонадонларда айрим аёлларимиз, эркакларимиз гурунг уюштиришяпти. Баҳона битта: “Зерикмаслик учун суҳбатлашиб дийдорлашмоқ”! Бу нима дегани? “Менга ҳеч кимнинг ҳатто ўз соғлигимнинг, келажагимнинг, оиламнинг, фарзандларимнинг, дўстларимнинг саломатлиги қизиқ эмас!” дея очиқдан очиқ тан олишми?!

Шу ўринда шундайларга демоқчи бўлганим:

Биз СИЗ учун қайғуряпмиз! Сиз эртанги кунни асраб қоласиз! Сиз учун шифокорлар тик оёқда! Ҳокимлар, мутасаддилар, маҳаллий ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сергак, ҳар қадамда чора излаётир...

Куни кеча шу пандемиядан вафот этганларни кўз олдингизга келтиринг. Жамоат билан ўқиладиган жаноза қандай ўқилганини, ўқилаётганини ижтимойи тармоқларда ўқияпмиз, кўряпмиз... Қандай даҳшат аслида бу... Шунинг учун бефарқ бўлмайлик. Карантинга риоя қилайлик.

Илтимос, ЎЗИНГИЗ ва яқинларингиз ҳаётини, саломатлигини асраш учун уйда қолинг!

Умидахон Зокирова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    166
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+