Инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати

03.04.2020, 15:38

Инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни тартибга солиш, соҳа ривожи учун зарур бўлган меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш ҳамда уни янада такомиллаштириш борасида ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борада айни пайтда қабул қилиниши кўзда тутилган қонун лойиҳалари қаторида “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳаси муҳим аҳамиятга эга. Чунки мазкур ҳужжат лойиҳаси мамлакатимизда инновация соҳасидаги давлат сиёсатини руёбга чиқаришнинг аниқ йўналишлари, соҳадаги мавжуд муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини ҳаётга самарали татбиқ қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Шуни қайд этиш керакки, республикамизда бугунга қадар илм-фан ва инновацион фаолиятга оид 1 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та Фармони, 17 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 20 та қарори ва 4 та фармойиши — жами 45 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Аммо амалдаги қонунчилигимизда айни пайтда инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати мавжуд эмас эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламент қуйи палатасига киритилган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда тайёрланган. Қонун лойиҳаси 5 боб, 39 та моддадан иборат бўлиб, лойиҳани ишлаб чиқишда инновацион фаолиятни тартибга солувчи қонунларни қабул қилган АҚШ, Франция, Германия, Жанубий Корея, Россия, Ҳиндистон, Беларусь, Молдова, Қозоғистон, Украина каби соҳада етакчи бўлган хорижий давлатларнинг тажрибаси кенг ўрганилган. Бу эса лойиҳанинг ҳар томонлама пишиқ-пухта тайёрланишида қўл келган.

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партия фракцияларида ҳамда парламент қуйи палатасининг мажлисларида кўриб чиқилиб, муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан кўплаб таклифлар берилди. Шунингдек, қонун лойиҳасини янада маромига етказиш, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар билан бойитиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилиб, қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилди.   

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мазкур қонунни қабул қилиниши инновацион фаолият соҳалари ва унинг барча иштирокчилари ўртасидаги ўзаро самарали ҳамкорлик учун ҳуқуқий асослар ва қонуний ваколатларни таъминлайди. Ўз навбатида, инновацион фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди ҳамда инновацион фаолият субъектларини кенг кўламда ташкил этиш имконини беради.

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

 O‘zLiDeP фракцияси  аъзоси

  • Кўрилди
    758
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+